Ўзбекистон | 00:35 / 11.08.2020
55130
3 дақиқада ўқилади

Бакалаврлар бир вақтнинг ўзида ҳам иккинчи мутахассислик, ҳам магистратурага ҳужжат топшириши мумкин — вазирлик

ОТМнинг бакалавриат босқичини тамомлаганлар эндиликда ҳам иккинчи мутахассислик, ҳам магистратурага ҳужжат топшириши мумкин.

Бу ҳақда 10 август куни ўтказилган матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов маълум қилди.

«Иккинчи мутахассисликка ҳужжатлар қабули 10 августдан бошланишини эълон қилган эдик. Маълумот учун, ikkinchitalim.edu.uz сайти бугундан ўз фаолиятини бошлади. 

Иккинчи мутахассисликка ҳужжат топширишни истаганлар шу сайт орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. 

Шунингдек, магистратурага рўйхатдан ўтган бакалавр битирувчиси бир вақтда иккинчи олий таълимга ҳам рўйхатдан ўтиш имконияти бор», – деди бошқарма бошлиғи шу мазмунда берилган саволга жавобан.

Матбуот анжумани давомида Холиқовга ҳам тест, ҳам ижодий имтиҳон олинадиган йўналишларда бу йил ижодий имтиҳонлар бекор қилингани ва шундай бўлса-да, бу тартиб нега ҳам тест, ҳам жисмоний имтиҳон олинадиган ҳарбий йўналишларга татбиқ этилмаётгани тўғрисида савол берилди.

«Бу борада тегишли олий таълим муассасаларининг таклифи асосида қарор қабул қилинди ва давлат комиссиясига шу таклиф киритилди. 

Мудофаа йўналишида бизда учта ОТМда факультетлар бор (Чақириққача ҳарбий тайёргарлик). Албатта, уларнинг талаба қабул қилиш бўйича танловида ҳам ўзига хос талаблар бор. Масалан, ёш чегараси ёки жинсга қараб танлов. У ерда ўқишга йигитлар қабул қилинади.

Абдували Холиқов

Афсуски, мана шу йўналишдаги абитуриентлар таркиби анализ қилинганда, улар орасида хотин-қизлар ёки белгиланган ёш чегарасидан ўтиб кетганлар ҳам топилган.

Улар абитуриентнинг махсус жисмоний тайёргарлигини кўриши керак. Бунинг учун уларда махсус жойлар бор. 

Иккинчидан, бу таълим йўналишида абитуриентлар сони кўп эмас. Имтиҳон бир ҳафта, ўн кун чўзилиб кетадиган абитуриентлар йўқ. Шу сабабли бу Мудофаанинг ўзига яраша талаби», – дея Абдували Холиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz  мухбири.

Мавзуга оид