АҚШ бош инфекционисти Россия вакцинасининг хавфсиз эканига шубҳа билдирди
АҚШ бош инфекционисти Энтони Фаучи коронавирусга қарши Россия вакцинасининг хавфсиз эканига шубҳа билдирди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ шу ҳафтадаёқ бир неча вакцинани тақдим қилиши мумкин эди, аммо ҳозирча уларнинг самарали ва хавфсиз эканига тўлиқ ишонч ҳосил қилинмаган.
Унинг баёнотига кўра, барча зарур синовлардан ўтмаган препаратнинг қўлланиши нафақат самарасиз бўлиши, балки кўплаб одамларга зарар етказиши мумкин.
Аввалроқ, АҚШ президенти ёрдамчиси Келлиан Конуэй ҳам Россия вакцинасини танқид қилган эди. У Россия препаратининг АҚШ вакциналаридан орқада қолаётганини ва жуда кам синалганини эътироф қилди. Унинг сўзларига кўра, Америка стандартлари қаттиқроқ.
11 август куни Россияда коронавирусга қарши илк вакцина рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда президент Владимир Путин баёнот берди ва Россия бундай препаратни ишлаб чиқарган ва рўйхатдан ўтказган илк мамлакат бўлганини қайд қилди.
«Спутник V» номини олган вакцина 2021 йил январь ойидан муомалага чиқарилади. Уни ишлаб чиқарувчилар 2 йил давомида коронавирусга қарши иммунитет ҳосил қилишини таъкидлашмоқда.