Ўзбекистон | 08:38 / 12.08.2020
49083
8 дақиқада ўқилади

«Бошидан ўтган табиб» – Шерзод Шерматов ўзи ва бир ўринбосари коронавирусга чалинганини маълум қилди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Telegram’даги каналида COVID-19 коронавирус инфекциясини юқтириб олгани, касалхонада даволангани ва айни вақтда уй шароитида реабилитацияда экани ҳақида пост қолдирди. У санитария қоидаларига қатъий риоя қилган бўлса-да, барибир ушбу вирусни юқтириб олганини қайд этган.

«Бошиданоқ тана ҳароратим кўтарилиб, умумий аҳволим ёмонлашди. Эртасидан лоҳаслик, салдан кейин ҳид билиш ва таъм билиш ҳам йўқолди. Биринчи ҳафта шифокор маслаҳати билан уйда даволанишга ҳаракат қилдим, енгилроқ ўтса, балки шифохонага ҳожат бўлмас деган ниятим бор эди. Лекин бир ҳафтадан кейин, тана ҳарорати яна кўтарилиб кетганига, шифокорлар шифохона шароитида даволанишга ўтиш кераклигини таъкидлашди. Ўша кезлари Семашко санаторияси коронавирусни даволашга ихтисослаштирилган экан, ўша ерда даволанишга тўғри келди.

Шифокор тавсиясига кўра дорилардан бошидан Д3, С каби витаминларни қабул қила бошладим. Кейинроқ иситма тушавермагач қўшимча антибиотиклар қўллашни бошлашди. Сатурация тушиб кетганда, муолажа давомида дексаметазондан укол қилиб, нафасни очишга ёрдам беришди.

Қонни суюлтирадиган дори ва таблеткалар ҳам жуда муҳим экан. Чунки бу касалликда инсон организмида қон қуйилиши ва шу орқали юрак қон айланиш ва ўпкага салбий таъсири бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам билиб олдим», деб ёзади Шерзод Шерматов.

Вазир сўзи давомида коронавирусни ўз бошидан ўтказган бемор сифатида инфекциядан эҳтиёт бўлиш, агарда касаллик асоратлари сезилса, қандай чоралар кўргани ҳақида маслаҳат берган.

«Бошидан ўтган табиб деганларидек, кимдир ўзида шундай ҳолатларни сезса, баъзи маслаҳатлар уларга фойдали бўлса керак деб ёзяпман.

Биринчидан, ваҳима қилмаслик. Ваҳима ҳар қандай касалнинг янада кучайишига, одамни асабийлашишига ва атрофда унга ёрдам бераётганларнинг қийналишига сабаб бўлади.

Иккинчидан, яхши ният қилиш. Интернетда негатив жуда кўп, лекин касал пайтингизда энг асосийси яхши ният қилиб ўзингиз биринчи навбатда тузалишга ҳаракат қилсангиз, тезроқ тузалиб кетасиз.

Учинчидан, яхшилик қилиш. Садақа радди бало дейилгандек, қанчалик яқинларга ва муҳтожларга ёрдам берилса, шунчалик одам ўзини енгилроқ ҳис қилади.

Охиргиси ва энг асосийси: шифокорлар ишини қадрлаш. Шунча қийинчиликларда энг асосий юк шифокорларга бўляпти. Шундай экан, ҳозирги даврда соғлиғингиз туфайли шифохонага тушиб қолсангиз, сизни даволайдиган шифокорми, ҳамширами ёки бошқа тиббий ходим бўладими, сиз ҳам ўз навбатида уларга яхши гапириб, кўнглини кўтариб туришни маслаҳат бераман. Улар ҳам жуда чарчашяпти, айниқса шу иссиқда санитария қоидаларига риоя қилиб ҳаммаси махсус кийимда юриши осон эмаслигини кўришингиз мумкин. Фурсатдан фойдаланиб, барча шифокорларга миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман!», деган вазир.

Шунингдек, Шерматов касал бўлган пайтида уни йўқлаган яқинлари, дўстлари, қариндош-уруғларига миннатдорлик билдирган. Уларнинг дуолари ва яхши сўзлари катта далда бўлганини таъкидлаган.

«Ҳатто давлатимиз раҳбари шахсан аҳволимни суриштириб турганларини эшитиб, бошим осмонга етди. Шундай одамгарчилиги юқори бўлган инсоннинг жамоасида эканлигимдан ғурурландим. Устозим бир неча бор телефон орқали ҳол аҳвол сўраб, кўнглимни кўтарганлари ҳам катта мадад бўлди.  

Президент Администрацияси раҳбарияти, Вазирлар Маҳкамасидаги Комплексимиз раҳбари томонидан ҳам аҳволимни сўраб туришгани куч бағишлади. Шундай вақтда иш бўйича муносабатлар эмас, балки ҳақиқий инсонийлик қадриятларининг муҳимлиги жуда билинар экан.

Ота-онамнинг ҳар кунги дуолари, барча қариндошларнинг ўзаро бирлашиб, ўзлари пиширган таомлардан илиниб юбориб туришганининг ҳам катта фойдаси тегди. Айниқса, қариндошлар тайёр боқаётган товуғини олиб, сўйиб, товуқ шўрва пишириб юбориб туришгани тезроқ тузалишимга фойда бўлди.

Кўпчилик яқинларим қатори, Спорт Федерациясидагилар ҳам Хитой дорисидан дарров етказишди, раҳмат, барака топишсин. Бундай эътибордан жуда хурсанд бўлдим.

Мен ўзимни жуда бой инсон деб ҳисоблардим, чунки ҳам ота-онам, ҳам қайнона-қайнотам ҳаёт бўлиб, доим дуо қилиб туришганди. Афсуски, орада қайнотам ҳам омонатларини топширдилар. Жойлари жаннатда бўлсин, жуда яхши инсон эдилар...

Шифохонага борганим тўғри бўлибди, МСКТ 50 фоиз ўпкада икки томонлама пневмония эканлигини кўрсатди. Кейин сатурация 73гача тушиб кетди, кислород концентраторини улаб, анча кўтариб туришга имкон бўлди. Лекин барибир энг асосийси, кислород бўлса ҳам, одам ўзи кўпроқ нафас машқлари қилиши керак экан. Кислород бошида ўпкани озгина эрка қилиб ҳам қўяркан.

Фақат кислороддан нафас олиб ётган билан ижобий натижа чиқиши қийин бўлади дейишди, шунга имкон борича нафас машқларини қилишга ҳаракат қилдим ва албатта, фойдасини сездим. Бошида қийналиб йўтал тутган вақтлари, мажбур қайтадан кислородга уланиб, сатурацияни кўтариб турдим, кейин секин-секин кислородни камайтириб, кўпроқ нафас олишга ҳаракат қилдим.

Мен 2 йилча аввал пневмония бўлгандим, шу ҳам салбий таъсир қилди. Ўзи умуман давлат ишидаги тартибсиз режим, асаббузарликлар, кечгача ишда бўлиш ҳам организмни чарчатиб, бундай касалликлар оғирроқ ўтишига сабаб бўларкан. Шунинг учун, имкон борича ўзингизни асранглар, пневмонияни менга ўхшаб оёқда ўтказманглар», дейди вазир.

У ўзидан ташқари вазирликдаги бир ўринбосар ва анчагина ходимлар ҳам бу вирусни юқтириб, улар ҳам даволаниб чиқишгани ҳақида маълумот берган.

«Энг қийини касалхонада вақт секин ўтиши бўлди. Мен каби ишга ўрганиб қолган одамга вақт бекор ўтаётганига кўникиш жуда қийин бўларкан. Раҳмат, ўз ишига масъулиятли ва ташаббускор яхши ўринбосарлар ва фидойи ходимларимиз бор. Интернет орқали ҳам дарров вазифаларни тушуниб, ишларни сифатли ташкил қилишга ҳаракат қилишди. Афсуски, мен билан бир вақтнинг ўзида вазирликдаги бир ўринбосар ва анчагина ходимлар ҳам бу вирусни юқтириб, улар ҳам даволаниб чиқишди.

Ҳозирда уйда реабилитация даврини ўтамоқдаман, насиб қилса яқин орада ишга қайтаман.

Даволаниш даврида...

Касалхонада эканман, 60дан ортиқ аудиокитоб эшитиб қўйдим. Фарҳод Ибрагимовга раҳмат, анча олдин яхши Blinkist деган дастурни совға қилганди. Жуда кўп яхши китобларни қисқача қилиб айтиб берадиган, инглиз тилини билган ва вақти зиқ бўлган раҳбарлар учун жуда фойдали дастур экан.

Имкониятингиз бўлса, аудиокитоблар тингланг, бу эса вақтдан унумли фойдаланишга ёрдам беради. Ўзбек тилида аудиокитоблар тингламоқчи бўлганлар www.kitob.uz порталидан бемалол фойдаланишлари мумкин.

Кимгадир ушбу маслаҳатларимнинг фойдаси тегса хурсанд бўламан, ўзингиз ва яқинларингизни асранглар!», дея сўзини якунлайди Шерзод Шерматов.

Шу пайтга қадар кўплаб давлат амалдорларида коронавирус инфекцияси аниқлангани маълум. Хусусан, бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев, Бухоро вилояти ҳокими Карим Камалов, Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, шунингдек, давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков ҳозирда COVID-19 инфекциясидан даволанмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси раиси, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Муса Ерниязов, Республиканинг Қонликўл тумани ҳокими Даулет Толибоев, Ўзбекистон Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов эса мазкур касаллик оқибатида вафот этган.

Мавзуга оид