Ўзбекистон | 08:47 / 12.08.2020
3613
3 дақиқада ўқилади

«Делойт» Ўзбекистонда инвестиция маслаҳатчиси лицензиясини олди

«Делойт» 150дан ортиқ мамлакатда фаолият юритиб, 312 мингдан зиёд мутахассисларни бирлаштирган аудит-консалтинг хизматларини кўрсатувчи дунёдаги энг йирик ташкилот ҳисобланади. 

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги «Делойт» компаниясининг маҳаллий офисига инвестиция маслаҳатчиси лицензиясини берди. Бу ҳақда агентлик хабарида айтилади.

Қайд этилишича, бу компанияга қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласи бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатиш, қимматли қоғозлар бозори ва унинг иштирокчилари ҳолатини таҳлил қилиш ва прогнозлаш, шунингдек хусусийлаштиришга ёки бирламчи оммавий таклифга (IPO) тайёргарлик кўраётган компанияларга маслаҳатлар бериш имконини беради.

«Халқаро консалтинг компаниялари томонидан Ўзбекистон капитал бозорига бўлган қизиқишнинг ортиши ҳамда улар сонининг кўпайиши қувонарли хол албатта. Ушбу эътибор яна бир бор шуни кўрсатадики, миллий капитал бозорини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ўзгаришлар – либерализацияга ва халқаро ҳамжамият ишончининг ортиб боришига шароит яратмоқда. Шунингдек, Агентлик молиявий ва консалтинг хизматларини кўрсатувчи молия бозорларининг барча профессионал иштирокчиларини фаолиятларини лицензиялашга жалб қилишда фаол ва принципиал позицияни эгаллайди. Мазкур фаолиятларни лицензиясиз юритиш қонунчиликни қўпол равишда бузиш ҳисобланиб, жавобгарликка тортилишга ва уларнинг обрўсига путур етишига сабаб бўлиши мумкин», – деди Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров.

Агентлик директори «Делойт» компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Эркин Аюповга қимматли қоғозлар бозорида консалтинг хизматларини кўрсатиш имконини берувчи лицензияни топширди.

«Ўзбекистонда бозор инфраструктураси ривожланиши билан қимматли қоғозларга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Инвестиция маслаҳатчиси лицензияси бизнинг халқаро экспертларимизга ушбу соҳадаги профессионал билим ва тажрибалари билан ўртоқлашиш имкониятини беради. Биз доимо мижозларимизга ўз вақтида ва энг самарали қарор қабул қилишларида ёрдам берувчи стратегия ва инструментлар ҳақида атрофлича маълумот бериб борамиз. Аминмизки, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва 
«Делойт» ҳамкорлигидаги саъй-ҳаракатлар мамлакатимиздаги инвестицион муҳитнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади” – деди «Делойт»нинг Ўзбекистондаги раҳбари Эркин Аюпов.

Маълумот учун: «Делойт» 150дан ортиқ мамлакатда фаолият юритиб, 312 мингдан зиёд мутахассисларни бирлаштирган аудит-консалтинг хизматларини кўрсатувчи дунёдаги энг йирик ташкилот ҳисобланади. 

Мавзуга оид