Ўзбекистонда ярим миллионга яқин киши пандемия натижасида камбағаллик чегарасидан пастга тушиши эҳтимоли бор
Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя тизими кўп йиллар давомида мутахассислар ва жамоатчиликда саволлар уйғотиб келади. Коронавирус пандемияси шароитида эса ижтимоий ҳимоя масаласи янада долзарблашди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати хабарига кўра, мазкур саволларнинг айримларига жавоб топишда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Жаҳон банки ва ЮНИСЕФ ҳамкорликда ўтказган ҳамда “Юксалиш” ҳаракати томонидан эълон қилинган тадқиқот ёрдам беради.
“Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини баҳолаш” тадқиқоти жамоатчилик, айниқса, кам таъминланган оилалар, ижтимоий нафақа олувчи кишилар, ногиронлиги бор шахслар ва кексалар, ёшлар, норасмий ишловчилар ҳамда ишсизлар фикрини аниқлаш мақсадида эълон қилинди
“Ушбу тадқиқотда миллий ижтимоий ҳимоя тизими батафсил таҳлил қилингани катта аҳамиятга эга. Бундан ташқари, ҳужжатда Ҳукумат томонидан коронавирус пандемиясига қарши амалга оширилаётган дастурлар учун ҳам фойдали бўладиган ишчи тавсиялар келтирилган. Бугун биз ҳар қачонгидан кўра Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя соҳасида аҳоли билан мулоқотни қўллаб-қувватлашимиз лозим”, - дея таъкидлайди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.
Тадқиқот 2018 йилда ижтимоий ҳимоя тизими 55 фоизга яқин аҳолининг эҳтиёжини қондирганини кўрсатди. Ижтимоий ҳимоя дастурларидан фойдаланганларнинг умумий сони эса 2012 йилда 8,1 млн.дан 2017 йилда 6,4 млн.гача камайиб борган. Энг кам кўрсаткич ишсизлик нафақаси ва кам таъминланган оилалар учун ижтимоий нафақа олувчилар орасида қайд этилган.
“Ҳисоботнинг асосий хулосаларидан бири шу бўлдики, ижтимоий ҳимоя тизими етакчилик ва ҳаракатларни мувофиқлаштиришни амалда қўллай олишга, ижтимоий ҳимоянинг Миллий стратегиясини ишлаб чиқишга ҳамда ҳаётга татбиқ этишга қодир ягона агентликка муҳтож. Стратегия, ўз навбатида, тизимдаги, айниқса, болалар ва уларнинг оилалари, ногиронлиги бор шахслар ва кексалар ҳаётидаги муҳим бўшлиқларни тўлдиришга қодир. У, шунингдек, ижтимоий таъминот, ижтимоий ёрдам, ижтимоий хизматлар ва меҳнат бозорига кўмаклашувчи фаол дастурларга комплекс ёндашувни таъминлаши мумкин. Бу эса ресурсларни самарали тақсимлашга ҳамда аҳолини, хусусан, нисбатан заиф қатламни мутлақ ҳимоялашга олиб келади”, - деди ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ижтимоий сиёсат раҳбари Юлия Олейник.
Бундан ташқари, иш билан банд аҳолининг деярли 55 фоизи норасмий секторда. Демак, улар ижтимоий ҳимоя дастурларига қамраб олинмаган. Ушбу тоифа шахслар кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор шахслар ва кексалар билан бир қаторда коронавирус пандемияси шароитида юқори хавф ҳудудига тушиб қоладилар.
“Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг 44 фоиз аҳолиси ижтимоий суғурта дастурларидан фойдаланишади. Бу эса ижтимоий суғурта дастурларига бюджет маблағларининг ажратилиши қисқартирилган тақдирда ҳам қашшоқликни камайтиришга сезиларли таъсир кўрсатадиган етарлича даврий кафолатлар бериш учун ижтимоий суғурта механизмларининг муҳимлигидан далолат беради. Етарлича молиялаштирилган ва пухта лойиҳалаштирилган, шунингдек, иқтисодиётнинг норасмий сектор ишчиларини ҳам ўз ичига оладиган ижтимоий ҳимоя тизими - алоҳида шахслар, уй бекалари ва умуман иқтисодиётга, ижтимоий-иқтисодий ва иқлимий таъсирларга бардошлиликни оширишнинг калитидир”, - дейди ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича Бюросининг муносиб меҳнат масалаларини техник қўллаб-қувватлаш гуруҳи меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Ясмина Папа.
Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда ярим миллионга яқин киши COVID-19 пандемияси натижасида камбағаллик чегарасидан пастга тушиш эҳтимоли бор. Бунда фавқулодда ҳолат яна давом этган тақдирда вазият ёмонлашса, хавф даражаси юқорилаб боради. Шунинг учун, мамлакатдаги барча муҳтож инсонларни ҳимоялашни таъминлаш учун ҳар қачонгидан ҳам тезкор ва инклюзив ижтимоий ҳимоя тизими зарур бўлади. Ҳисоботда аҳолини қамраб олишнинг асосий бўшлиқлари кўрсатиб ўтилган: деярли ярим аҳоли ва камбағалларнинг учдан бир қисми бирорта ҳам ижтимоий ҳимоя схемасига киритилмаган.
“COVID пандемияси ва яқинда Бухоро ҳамда Сирдарё вилоятларининг минглаб одамлари фаровонлигига таъсир кўрсатган табиий офатлар, айниқса, инқироз оқибатида кўпроқ зарар кўрган, камбағаллик чегараси остида ва камбағаллик чегараси устида турган уй хўжаликлари орасида зудлик билан ижтимоий ҳимояни кенгайтириш ҳиссини кучайтиради. Умид қиламизки, ўзбекистонлик ҳамкорларимиз миллий ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларида ҳисобот хулосаларини фойдали деб топадилар. Жаҳон банки, ЮНИСЕФ ҳамда ХМТ турли гуруҳдаги муҳтож инсонларни қўллаб-қувватловчи, тезкор ва самарали, мустаҳкам ва инклюзив ижтимоий ҳимоя дастурларини ишлаб чиқишда ҳукуматга ёрдам беришга тайёр”, - дея қайд этди Жаҳон банкининг катта иқтисодчиси Маддалена Гонорати.
Ҳисоботнинг очиқ муҳокамаси давомида тўпланган барча фикрлар (изоҳлар) таҳлил қилинади ва режалаштирилган “давра суҳбати”да манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда халқаро ташкилотларга тақдим этилади, дея якунланган “Юксалиш” хабари.
Мавзуга оид
13:50 / 09.10.2024
Камбағалликни қисқартириш вазирлигида "лойиҳа менежерлари" гуруҳи ташкил этилади
20:48 / 04.10.2024
Марбург безгаги глобал тарқалишининг хавфи паст — ЖССТ раҳбари
16:17 / 25.09.2024
Шавкат Мирзиёев: “Камбағалликни қисқартириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини яратдик”
11:06 / 14.09.2024