Жаҳон | 18:48 / 16.05.2026
1899
2 дақиқада ўқилади

Ҳантавируснинг тарқалиши жиддий эмас ва тез орада барҳам топиши керак – ЖССТ

Зарарланган кемадаги ҳантавирус тарқалиш жараёнида бироз мутацияга учради, аммо ҳозирги эпидемия тез орада сўниши керак. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Халқаро вирусологлар гуруҳи шундай хулосага келди.

Фото: Shutterstock

The Telegraph хабарига кўра, бу мутациялар аҳамиятсиз ва вирус фаолиятига таъсир қилмайди. Шу билан бирга, қайд этилишича, ҳозирги вақтда дунёда юқумлилик ёки ўлим ҳолатларининг яққол ўсиши кузатилмаяпти.

Ўрганилаётган Andes штамми эса одамдан-одамга юқиши мумкин бўлган ягона маълум ҳантавирусдир. Шу билан бирга, шифокорларнинг таъкидлашича, бу Covid-19 каби пандемиянинг янги авж олиши эмас.

Май ойи бошида Аргентинадан Кабо-Вердега йўл олган MV Hondius круиз кемасида ҳантавирус тарқалиши қайд этилган эди. «Нолинчи» бемор Жанубий Америка бўйлаб саёҳат пайтида касалликни юқтириб олган.

10 май куни лайнер Тенерифега етиб келди, йўловчиларнинг бир қисми эвакуация қилинди - уларнинг барчаси Испания фуқаролари эди. Кейин Нидерландия, Туркия, Франция, АҚШ ва Буюк Британиядан келган йўловчилар кемани тарк этди. Эртаси куни йўловчиларни эвакуация қилишда иштирок этган Испания фуқаро гвардияси ходими юрак хуружидан вафот этди.

Кейинроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус мамлакатларни ҳантавируснинг янги ҳолатларига тайёргарлик кўришга чақирди. Унинг таъкидлашича, расмийлар ЖССТ тавсияларига қатъий риоя қилиши керак, жумладан, 42 кунлик карантин ва хавф гуруҳидаги одамларнинг саломатлигини доимий назорат қилиш. Шу билан бирга, ЖССТ ҳантавирус билан боғлиқ ҳолат пандемияга айланмаслиги ҳақида бир неча бор баёнот берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид