Фан-техника | 20:51 / 12.08.2020
5630
1 дақиқада ўқилади

Samsung’нинг икки раҳбар ходими Хитойга технологияларни бериш гумони билан ҳибсга олинди 

Samsung компаниясининг икки ходими Хитойга технологияларни беришда гумон қилиниб ҳибсга олинди. Маълум қилинишича, улар Жанубий Корея компаниясига миллионлаб доллар зиён етказган.

Фото: Reuters

SamMobile порталининг хабар беришича, ҳибсга олинган ходимларнинг шахси ошкор қилинмаган. Бироқ шуниси маълумки, улар компанияда раҳбарлик лавозимларини эгаллаган.

AsiaTimes нашри маълумотларига кўра, ушбу иш Samsung’нинг OLED-панелларни ишлаб чиқаришда пуркаб босишни қўллаш инновацион технологияси билан боғланган. Бу технология OLED-телевизорлар ишлаб чиқариш харажатларини 20 фоизга камайтириш имконини беради. Таъкидланишича, Samsung Display ушбу технологияни ишлаб чиқиш учун 3 йил давомида 10 млрд долларга яқин маблағ сарфлаган.  

Маълум қилинишича, бундай усулда ишлаб чиқарилган OLED-телевизорлар савдоси октябрда бошланиши керак. Шунда Samsung ушбу технологияни қўлловчи бозордаги биринчи компания бўлади. 

Жанубий Корея прокуратураси версиясига кўра, Samsung Display ходимлари рақобатчиларга янги технология бўйича телевизорлар ишлаб чиқариш жараёнининг техник кўрсаткичларини берган. Тергов давомида ахборотни ўғирлашда айбланган Хитой компаниясининг бир неча юқори лавозимли ходимлари ҳам ҳибсга олинган.

Мавзуга оид