Жамият | 17:43 / 12.08.2020
9928
2 дақиқада ўқилади

Янгийўлда 2 яшар бола каналда оқиб кетиб, ҳалок бўлди

Тошкент вилояти Янгийўл туманида 9 август куни йўқолиб қолган боланинг жасади орадан уч кун ўтиб, унинг уйи яқинидан оқиб ўтувчи каналдан топилди.

Иллюстратив фото

У.Р. (ўғил бола, 16.10.2018 й.т.) Янгийўл тумани, Қўштепа МФЙ, Ўзбекистон кўчасида яшаган. 9 август куни соат тахминан 20:00да унинг бобоси туман ИИБга мурожаат қилиб, набираси уйдан номаълум томонга чиқиб кетгани ва бедарак йўқолганини маълум қилган.

Туман прокуратураси берган маълумотга кўра, туман прокурори ўринбосари, прокурорнинг катта ёрдамчиси ва туман ИИБ тезкор ходимлари воқеа жойига чиқиб, у ерни кўздан кечирган ва ҳолат юзасидан тушунтириш хатлари олинган.

Маълум бўлишича, бола яшаган уйнинг орқа томонидан Жўнариқ канали оқиб ўтади. 16 ёшли гувоҳнинг сўзларига кўра, у каналнинг Файзобод маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмида 1,5-2 ёшли бола танасини сувда кўрган, аммо сувда сузишни билмагани сабабли бола мурдасини олиб чиқа олмаган.

Текширув давомида Жўнариқ канали суви 3 соатга тўхтатиб қўйилиб, бола жасадини қидириш ишлари ташкиллаштирилган. 12 август куни каналнинг Мирзабобоев МФЙ, Оҳунбобоев участкасидан оқиб ўтувчи қисмидан У.Рихситиллаевнинг мурдаси топилган.

Туман прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказмоқда.

Мавзуга оид