Ўзбекистон | 19:04
2649
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятининг икки ҳудудига янги ҳокимлар тайинланди

Президент ташрифи ортидан Бекобод шаҳри ҳокими Насрулла Бобоев ҳамда Янгийўл тумани ҳокими Одилжон Атауллаев ишдан кетди. Уларнинг ўрнини мос равишда Наримонжон Исмоилов ва Санъат Жуманиёзов эгаллади.

Наримонжон Нўмонович Исмоилов Тошкент вилояти Бекобод шаҳрининг янги ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Наримонжон Исмоилов

14 июл куни шаҳарда Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижросида йўл қўйилган камчиликлар ва навбатдаги муҳим вазифалар юзасидан таҳлилий маъруза қилган.

Вилоят ҳокими Навоий саноатни ривожлантириш комплекси» махсус саноат парки дирекцияси директори сифатида ишлаб келган Наримонжон Нўмонович Исмоилов номзодини Бекобод шаҳри ҳокимлиги учун тавсия қилган. Депутатлар ушбу номзодни шаҳарнинг янги ҳокими этиб тасдиқлашган.

  • Бекобод шаҳрига 2022 йил май ойидан буён Насрулла Бобоев раҳбарлик қилаётганди. Унинг ишдан кетиши сабаби маълум эмас.

Шу куни Янгийўл туманида ҳам халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтиб, унда ҳам ташкилий масала кўрилди.

Зойир Мирзаев Янгийўл тумани ҳокими лавозимига шу пайтга қадар Вазирлар Маҳкамасида масъул вазифада ишлаб келаётган Санъат Шакирович Жуманиёзов номзодини тавсия қилди.

Санъат Жуманиёзов

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан С. Жуманиёзов Янгийўл тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Туманга 2023 йил августидан буён Одилжон Қосимович Атауллаев раҳбарлик қилиб келаётганди.

Вилоятдаги ушбу ўзгаришлар 13 июл куни президент Бекобод туманига ташриф буюриб, янги инфратузилма ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишиши ортидан рўй берди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид