Ўзбекистон | 22:16 / 13.08.2020
134023
2 дақиқада ўқилади

5 йил стажга эга ходимларини сиртқи ва кечки олий таълимга тавсия этиш ҳуқуқи берилган ташкилотлар рўйхати эълон қилинди

2020/21 ўқув йили учун иқтисодиёт тармоқларида камида 5 йил иш стажига эга фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига ўқишга тавсия этиш ҳуқуқига эга вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг рўйхати тасдиқланди.

Тавсия этилган фуқаролар суҳбат натижаларига кўра, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълум қилди.

Рўйхатда ходимларини ўқишга тавсия этиш ҳуқуқи берилган жами 74та ташкилотни кўриш мумкин.

Маълумот учун, Давлат қабул комиссияси мажлисининг 2019 йил 4 июлдаги 1-сон баёнига кўра, иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга фуқароларнинг сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат асосида қабул қилиниши тартиби белгиланган.

Унга кўра, фуқаро комиссия томонидан тасдиқланган рўйхатдаги тегишли идора ва вазирлик ёки йирик хўжалик бирлашмаларидан бирининг ходими бўлса, иш жойидан берилган тавсиянома асосида ўқишга ҳужжат топширади.

Шундан сўнг суҳбат-имтиҳондан ўтиб, сиртқи таълим олишни хоҳласа 5 йил, кечки таълим шаклини маъқул кўрса 4 йил муддат давомида табақалаштирилган тўлов-шартнома асосида ўқийди.

Шартнома пули эса ўзи ишлаб турган ташкилот томонидан тўлаб берилиши зарур.

Шунингдек, рўйхатдаги ташкилотлар 100 нафаргача ходимига тавсиянома бериши мумкин.

Тизимда асосий иш жойи сифатида 5 йилдан кам бўлмаган муддатда ишлаётган ходимларга (техник ходимлар мундан мустасно) тавсиянома бериш эса тизимнинг шахсан биринчи раҳбари томонидан амалга оширилади.

Мавзуга оид