Ўзбекистон | 08:30 / 13.08.2020
6363
5 дақиқада ўқилади

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги регламентлар эълон қилинди

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги маъмурий регламентлар тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги маъмурий регламентларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддасига мувофиқ нотариусларнинг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.

Қуйидагилар:

Нотариуслар томонидан кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлашнинг маъмурий регламенти;

Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлашнинг маъмурий регламенти;

Нотариуслар томонидан мол-мулкни гаровга (ипотекага) қўйиш тўғрисидаги шартномаларни тасдиқлашнинг маъмурий регламенти;

Нотариуслар томонидан ишончномаларни тасдиқлашнинг маъмурий регламенти;

Нотариуслар томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар беришнинг маъмурий регламенти тасдиқланади.

Нотариуслар томонидан кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлашнинг маъмурий регламентига кўра, нотариус томонидан битим нотариал идора биносида ёки мурожаат қилувчиларнинг талабига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.

Битим нотариал идора биносидан ташқарида расмийлаштирилган тақдирда, ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида битим расмийлаштирилган жойнинг манзили кўрсатилади ва битимни расмийлаштириш ҳамда имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видеога қайд этилади.

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади. Расмийлаштирилган ҳужжат матни фуқароларнинг талабига биноан нотариус томонидан рус тилида ёки имкон бўлса, бошқа мақбул тилда берилади.

Агар битим мурожаат қилган шахс тушунмаган ёки яхши билмаган тилда бажарилса, унда ҳужжат матни нотариус ёки мурожаат қилган шахс таклиф этган таржимон томонидан оғзаки таржима қилиниши мумкин. Бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувида ким томонидан таржима қилинганлиги, шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг номи, унинг рақами, берилган санаси ва шу ҳужжатни берган органнинг номи ҳамда матн мазмуни тушунтирилганлиги кўрсатилиши керак. Бундай ҳолда мурожаат қилган шахс ўзи биладиган тилда исми, фамилияси, отасининг исмини тўлиқ ёзиб, имзо қўяди.

Битимни тасдиқлаш Регламентга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.

Мурожаат қилувчи битимни расмийлаштириш учун нотариал идорага ўзи келиб мурожаат қилади ёки нотариус хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд “E-notarius.uz” ахборот портали орқали рўйхатдан ўтади.

Нотариус “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали келиб тушган электрон мурожаатларни кўриб чиқиши ва белгиланган муддатда мурожаат қилган шахсларни қабул қилиши шарт.

Мурожаат қилувчи электрон тармоқ орқали нотариус қабулига навбатга ёзилишни, шунингдек битим расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни жўнатган ҳолда тегишли битим лойиҳасининг олдиндан тайёрлаб қўйилишини сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаат қилувчининг электрон тармоқ орқали нотариус қабулига ёзилиш бўйича йўлланган мурожаатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд қилиш электрон дафтарига автоматик тарзда қайд қилинади.

Мурожаат қилувчининг электрон тармоқ орқали битим расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатган ҳолда, тегишли ҳужжатларнинг тайёрлаб қўйилиши бўйича йўлланган мурожаатлари уларнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Мурожаат бўйича битим лойиҳаси нотариус томонидан белгиланган вақтда олдиндан тайёрлаб қўйилади.

Қуйидаги ҳолларда битим расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатган ҳолда, тегишли ҳужжатларнинг тайёрлаб қўйилиши бўйича электрон тармоқ орқали йўлланган мурожаатларни кўриб чиқиш рад этилади:

  • нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотлар тўғри ва тўлиқ тақдим этилмаган бўлса;
  • тегишли нотариал ҳаракат бўйича мол-мулкка нисбатан тақиқ (хатлов) мавжуд бўлса;
  • солиқ ёки коммунал хизматлардан ёҳуд Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси маълумотлар базаси орқали қарздорлик ҳолати текширилиши лозим бўлган ҳолларда қарздорлик аниқланган бўлса;
  • манфаатдор шахсларнинг аризаларига асосан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш кечиктириб ёки тўхтатиб турилган бўлса.

Мавзуга оид