«Темир дафтар», моддий ёрдам ва колл-марказлар фаолияти — Яккасарой туманига пресс-тур
Пандемия шароитида республика бўйича аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, ажратилган озиқ-овқат маҳсулотларини хонадонларга етказиш, уй шароитида даволанаётган ҳамда карантинга олинган хонадонлар билан ишлаш, шунингдек, ажратилаётган пул маблағларини ҳақиқий эгаларига етиб боришини таъминлаш бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан ҳисобланади.
12 август куни пойтахтимизнинг Яккасарой тумани мисолида юқорида санаб ўтилган ишлар юзасидан пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб туман ҳокимлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Унда пандемия шароитида аҳоли ва оилалар муаммолари билан ишлашда олиб борилган ва қилинаётган ишлар хусусида маълумот берилди.
Туман ҳокими Aнвар Сайфуддинов пандемия даврида амалга оширилган ишлар хусусида гапираркан, «Темир дафтар»га киритилган оилаларга шу кунга қадар 2 млрд 178 млн сўм маблағ ажратилганини таъкидлаб ўтди.
«Ҳозирда туманда 21 та фуқаролар йиғинида 38 673 та оила ва 29 989 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 106 377 нафар аҳоли истиқомат қилади. «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида тумандаги 914 нафар кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар номига очилган пластик карталарига 500 минг сўмдан пул маблағлари ўтказиб берилди.
196 нафар ногирон ва 118 нафар ёлғиз кексаларнинг ҳар бирига нафақасидан ташқари камида 1 млн сўмлик озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилди.
Жорий йилнинг 21-22 май кунлари 320 нафар кам таъминланган фуқароларга икки ярим млн сўмдан ўтказиб берилди.
Коронавирус касаллигига чалиниб уйда даволанаётган фуқароларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида тумандаги мавжуд 4 та оилавий поликлиникаларда 14 та мобил гуруҳлар ташкил этилиб, улар керакли дори-дармон ва махсус сумкалар билан таъминланди», деб маълумот берди туман ҳокими.
Шунингдек, туман ҳокими сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда аҳолига ажратилган пул маблағларини тақсимлашда ва тарқатилишида аҳоли томонидан юзага келаётган норозичиликларга ҳам муносабат билдириб, Яккасарой туманида ҳам баъзи маҳалла раислари ўз мансаб ваколатига совуққонлик билан қараганини айтиб ўтди. Ҳозирда бу маҳалла раисларининг ишлари кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
Тадбирда иштирок этган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев ҳам амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхтатилиб, ишни ташкил қилишда камчиликлар бўлаётганини таъкидлаб ўтди. Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар ва Сергелида рўй берган ҳолат вазирлик ва ҳокимликларга янада ўз ишига масъулият юклашини айтиб ўтди.
Шундан сўнг туманнинг «Қушбеги» МФЙга бордик. Дастлаб коронавирус пандемияси шароитида зарур озиқ-овқат ва дори дармон харид қилиш учун ажратилган пул маблағлари қандай тақсимлангани билан қизиқдик.
«Қушбеги» МФЙ раиси ўринбосари Дона Қорабоева карантин даврида ажратилган пул маблағлари кимларга берилгани ва ушбу рўйхатлар қандай шакллантирилгани юзасидан маълумот бериб ўтди.
«Қушбеги» маҳалласида ажратилган 1 млн 200 минг сўм пул маблағлари рўйхат асосида 9 нафар фуқарога берилди. Бу рўйхатга оиласида боқувчиси йўқ, ногиронлиги бор, шунингдек, карантин даврида ишсиз қолган ҳамда ёлғиз қолган фуқароларимиз киритилди. Шунингдек, бу фуқаролардан ташқари яна кўплаб фуқароларимизга озиқ-овқат ва дори-дармонлар олиб бориб берилди», дейди Доно Қорабоева.
Раис ўринбосари ушбу рўйхатдан ташқари фуқароларда пул маблағлари тарқатилиши бўйича норозиликлар бўлганини ҳам айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, айрим фуқароларнинг шароити ўрганилганда, уларда ойлик маоши ва машиналари борлиги, ўзига тўқ шароитда яшаши аниқланган. Бу фуқароларга пул маблағлари кимларга тарқатилиши бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган.
Шундан сўнг рўйхат бўйича 1 млн 200 минг сўм пул маблағи олган маҳалла фуқароларининг яшаш шароити билан танишдик.
Улардан бири фақат нафақа пулига кун кечирувчи фуқаро, иккинчиси эса ёши 70лар атрофидаги иккита етим фарзандларни боқаётган онахон. Уларнинг яшаш шароитлари билан танишиб, суҳбатга тортдик. Фуқаролар карантин даврида ҳукумат томонидан берилган ёрдам учун миннатдорчилик билдиришди ва бу балони юртимиздан тезроқ кетишини сўраб дуо қилишди.
Яккасарой туманига ташкил этилган пресс-тур давомида тумандаги 59-оилавий поликлиникага ҳам бордик. Поликлиникада коронавирус инфекциясига чалинган беморлар ва уларнинг хонадонларида карантин тадбирларини ташкил этиш бўйича амалга оширилган ишлар, шунингдек, мобил гуруҳлар ва патронаж ҳамширалар фаолияти билан танишдик.
Поликлиника бош шифокори Назокат Ғуломованинг айтишича, поликлиникада пандемия даврида туман аҳолиси учун колл-марказ ташкил этилган бўлиб, 24 соат давомида фаолият олиб бормоқда. Бу ердаги ҳамширалар тун-у кун фуқаролар билан телефон орқали мулоқотда бўлиб, керакли тавсиялар бериб боришади.
Шунингдек поликлиникада 5 та мобил гуруҳлар ҳам ташкил этилган бўлиб, туман ҳокимлиги томонидан керакли барча дори-дармонлар билан таъминланган. Улар хонадонларга бориб, аҳолининг соғлиғини кўрикдан ўтказишади ҳамда керак бўлса, биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишади. Шунингдек, вирус аломатлари аниқланган тақдирда керакли дори-дармонлар жамланмасини фуқароларга беришади.
Шу билан Яккасарой туманига ташкил этилган пресс-туримизни якунладик. Пандемия шароитида аҳоли ва оилалар муаммоларини ўрганиш туманлар кесимида давом этмоқда.
Мавзуга оид
12:30 / 15.10.2024
Яккасарой туманидаги айрим кўчаларда транспорт ҳаракати қисман чекланади
16:51 / 02.10.2024
Тошкентда хонадонида гиёҳванд моддалар ва кучли таъсир қилувчи дорилар сақлаб келаётган шахс ушланди
00:03 / 15.09.2024
Яккасаройда замонавий сувтушар боғ барпо этилади ва Шота Руставели кўчасининг бир қисми гастрономик кўчага айлантирилади
16:26 / 03.08.2024