Ўзбекистон | 15:42
2510
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда қурилишдаги авариядан кейин канализация суви Салор каналига оқизилди

Экология бошқармаси ҳолат юзасидан масъулларга қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилишини билдирган.

Фото: Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси

Тошкент шаҳрининг Шота Руставели кўчасида қурилиш ишлари давомида шикаст етказилган қувурдан чиққан оқова сув Салор каналига оқизилгани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан бош бошқарма бошлиғи А. Расулов, лаборатория мутахассислари ҳамда Яккасарой тумани экология назорати инспекцияси давлат инспекторлари иштирокида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, воқеа жойига чиқиб ўрганилганда оқова сув Салор каналига тўғридан тўғри ташлаш ҳолати тасдиқланган.



Ҳолат юзасидан бошқарма таҳлилий лабораторияси мутахассислари томонидан канал сувидан белгиланган тартибда намуналар олиниб, лаборатория таҳлилига юборилган. Таҳлил натижалари ҳамда ўрганиш якунларига кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилмагани юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади. Қўшимча маълумотлар ўрганиш ишлари якунига кўра тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, 3 июл куни Яккасарой туманидаги қурилиш объектида канализация тармоғида содир бўлган техник носозлик оқибатида диаметри 1 800 мм бўлган қувурга жиддий шикаст етганди. Натижада сув тошиб, ер қопламаси қисман чўкиши ва ўпирилиши рўй берган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид