Суд жиноят олами вакилини озод қилган Атамбоевга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди
Қирғизистонда Бишкек шаҳар суди ҳайъати мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевга нисбатан «қонундаги ўғри» деб аталувчи криминал олам вакили Азиз Батукаевнинг жазодан ноқонуний озод қилингани билан боғлиқ иш бўйича ҳукмни ўз кучида қолдирди, деб хабар беради «Сводка» (АКИpress).
Суд биринчи инстанция ҳукмини ўз кучида қолдирган.
Шунингдек, собиқ бош прокурор Индира Жолдубоева Қирғизистон Республикаси (эски таҳрирдаги) ЖКнинг 304-моддаси («Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш») билан айбдор деб топилиб, 5 миллион қирғиз сўми миқдоридаги жаримага тортилган.
Врач Абдуҳалим Раимжонов ЖКнинг «жиноятни яшириш» моддаси бўйича айбдор деб топилган ва жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли унга жазо тайинланмаган.
Жазони ижро этиш давлат хизмати раисининг собиқ маслаҳатчиси Қалибек Қочқиналиев ЖКнинг «коррупцияга дахлдорлик» моддаси бўйича айбдор деб топилган ва 2 йилга озодликдан маҳрум этилиш жазоси тайинланган. Уни ҳибсда ушлаш муддати ўтгани сабабли суд залидан озод қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 23 июнь куни Бишкекнинг Биринчи май тумани суди Алмазбек Атамбоевни ЖКнинг 319-моддаси («Коррупция») бўйича айбдор деб топди ва 11 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этди. Собиқ президент барча давлат мукофотларидан ҳам маҳрум этилган.
Биринчи инстанция суди қарори устидан ҳам ҳимоя томони, ҳам прокуратура норози бўлиб шикоят ёзган. Давлат айбловчиси собиқ президентга озодликдан маҳрум этиш жазосини 15 йилгача узайтиришни талаб қилган.
Атамбоев озод қилиб юборган дейилаётган Азиз Батукаев Бишкек яқинидаги колониялардан бирида 2006 йилда тартибсизлик келтириб чиқаргани учун 16 йилу 8 ой муддатга озодликдан маҳрум этилганди.
Тартибсизлик чоғида депутат Тиничбек Ақматбоев, Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Ҳикматулла Пўлотов ва парламентнинг икки ходими ўлдирилган.
2013 йилда Батукаев унда қон саратонининг сўнгги босқичи ташхисини қўйган врачлар комиссиясининг хулосасига кўра қамоқхонадан озод қилинган. У дарҳол мамлакатни тарк этиб, ўзи туғилиб ўсган ватани Чеченистонга йўл олган.
Тез орада тиббий ҳужжатлар сохталиги ойдинлашган ва Қирғизистон ҳукуматининг Батукаевни қайтаришга бўлган уринишлари бесамар кетган.
Жиноят олами вакилининг озод қилиниши бўйича ишда собиқ президентдан ташқари яна уч киши айбланган: врач Абдуҳалим Раимжанов, собиқ бош прокурор Индира Жолдубоева ва ЖИЭХ раисининг собиқ маслаҳатчиси Қалибек Қочқиналиев.
Алмазбек Атамбаев Қирғизистонда 2011 йилдан 2017 йилгача президентлик лавозимини эгаллаган ва мамлакат тарихида муддати тугагач, инқилобсиз лавозимини тарк этган илк президент бўлган. У ҳокимиятни ўзининг меросхўри ва яқин ҳамфикри Сооранбой Жээнбековга топширганди.
Бироқ шундан сўнг собиқ президент жамоаси ва унинг ўзига нисбатан жиноий иш очилган. 2019 йилда Атамбоевдан дахлсизлик олиб ташланди, ўша йилнинг июнь ойида у ҳамфикрлари билан Қўйтош қишлоғидаги қароргоҳида яшаб турган. Август ойида резиденцияни штурм қилиб эгаллашган, Атамбоев коррупцияда ва ушлаш вақтида тартибсизликлар ташкилотчиси сифатида айбланиб, ҳибсга олинган.
Мавзуга оид
17:30 / 14.11.2024
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024