Ўзбекистон | 08:51 / 15.08.2020
4744
7 дақиқада ўқилади

Ҳукумат Сурхондарё вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича янги қарор қабул қилади

Сурхондарё вилоятининг саноат салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринларини яратишнинг қўшимча чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Сурхондарё вилоятининг саноат салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринларини яратишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, қуйидагилар:

республика ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларининг салоҳияти, табиий хом-ашё ресурслари, ижтимоий-иқтисодий ҳолати комплекс ўрганиб чиқилган;

ўрганиш натижаларига кўра шаҳар ва туманларнинг иқтисодий ўсиш нуқталари (драйверлари) аниқланган, вилоят ҳудудларида саноат салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Дастур ишлаб чиқилган.

Сурхондарё вилояти шаҳар ва туманларининг ўсиш нуқталари (драйверлари) сифатида қуйидаги йўналишларни ривожлантириш белгиланади:

Термиз шаҳри ва Денов туманида – тикув-трикотаж соҳасида маҳсулотнинг қўшилган қийматини кўпайтириш;

Бойсун, Сариосиё, Жарқўрғон ва Шеробод туманларида – қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш;

Термиз шаҳри, Бойсун, Денов, Сариосиё, Олтинсой, Узун ва Термиз туманларида – зиёрат туризми, экотуризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш;

Бойсун, Бандихон, Қизириқ, Олтинсой, Музработ ва Узун туманларида саноат йўналишларини ривожлантириш;

Ангор, Бандихон, Олтинсой, Қизириқ, Қумқўрғон, Музработ, Сариосиё, Термиз, Узун, Шеробод ва Шўрчи туманларида – мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш, иссиқхоналар ташкил этиш, балиқчилик, чорвачилик, паррандачиликни ривожлантириш;

Шеробод, Олтинсой, Қизириқ, Қумқўрғон, Музработ, Сариосиё ва Узун туманларида боғдорчиликни ривожлантириш йўналишлари.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги 2020-2021 йилларда пахта ва ғалладан қисқарадиган майдонларда, мавжуд самарасиз боғлар ўрнига ҳамда янги ўзлаштириладиган майдонларда 5,5 минг гектар, шу жумладан, 3 минг гектар янги анор боғлари ва 2,1 минг гектар янги узумзорлар барпо этиш ва вилоятнинг экспорт салоҳияти ошириш бўйича чораларни кўради.

Бунда, белгиланган тартибда мева-сабзавотларни саралаш, қадоқлаш, сақлаш ва қайта ишлаш бўйича кластерлар ташкил қилиб, ушбу кластерларга боғдорчилик ва узумчилик субъектлари бириктирилишини таъминлайди.

Афғонистонга товар ва хизматлар экспорт ҳажмини 2 баробарга ошириш мақсадида “Термиз” эркин иқтисодий саноат зонаси ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг манзилли рўйхати тасдиқланади.

Режалаштирилган лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида ишга тушириш мақсадида хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари раислари ўзларининг масъул ўринбосарларини ушбу лойиҳаларга бириктирган ҳолда амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириши тавсия этилади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда Афғонистон билан ўзаро йиллик савдо ҳажмини ошириш мақсадида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ҳудудига туташ ҳудудда улгуржи савдо асосида фаолият юритадиган халқаро савдо-логистика марказини ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади.

Бунда:

савдо-логистика маркази ҳудудига кириш ва чиқиш учун замонавий рақамли техника билан таъминланган махсус йўлаклар, чегара, божхона, фитосанитария, санитария пунктлари ташкил этилиши;

замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш, сертификатлаштириш тизимини, электрон савдо учун зарур бўлган шароитлар ташкил этиш жараёнлари давлат-хусусий шерикчилик механизмлари асосида жорий этилиши;

Афғонистон фуқароларининг ушбу ҳудудга кириш визалари расмийлаштирилмасдан амалга оширилиши белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Тараққиёт ва тикланиш жамғармаси:

2020-2021 йилларда “М-39 “Тошкент-Термиз” автомагистралини 1395-1400 км ва 1410-1426 км қисмини реконструкция қилиш” лойиҳаси доирасида Бойсун (5 км), Шеробод (2 км) ва Ангор (14 км) туманларида узунлиги 21 км асфальт-бетон қопламали автомобиль йўлларини реконструкция қилиш учун “Ислом тараққиёт банки”нинг 27,5 млн. доллар маблағларини;

2020-2021 йилларда “Сурхондарё вилоятида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳасини амалга ошириш учун “Ислом тараққиёт банки”нинг 89,6 млн. доллар маблағларини;

2022 йил декабрь ойига қадар “Магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш” лойиҳаси доирасида 2 та подстанцияда (Шеробод ва Денов) модернизация ишларини якунлаш учун Жаҳон банки иштирокида 21,2 млн. доллар кредит маблағларини;

2020 йил якунига қадар “Тўполанг дарёсида Зарчоб кичик ГЭСлар каскади қурилиши” лойиҳаси доирасида йилига 75,6 МВт электроэнергия ишлаб чиқариш қуввати яратиш мақсадида Хитой “Эксимбанки” иштирокида 29,1 млн. доллар кредит маблағларини;

2022 йил ноябрь ойига қадар “Тўполанг ГЭС модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида йилига 175 МВт электроэнергия ишлаб чиқариш янги қувватларини яратиш учун “Внешэкономбанк” (Россия Федерацияси) иштирокидаги 38,25 млн. доллар кредит маблағларини жалб этиш чораларини кўради.

Сурхондарё вилоятининг саноати паст ривожланган Бойсун, Бандихон, Қизириқ, Олтинсой, Музработ ва Узун туманларида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб уч йил муддатга:

ушбу туманларда саноат йўналишидаги янги лойиҳаларни амалга оширадиган юридик шахсларга лойиҳалар доирасида киритилган инвестициялари ҳажмига қараб, ер солиғи, мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлашдан озод этиш тарзидаги солиқ имтиёзлари белгиланиши;

тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида, кредит фоиз ставкасининг 10 фоиздан ошган қисмини бироқ, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 1,75 баробаридан ошмаган миқдорини Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация қилиш тартиби жорий этилиши;

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида инфратузилма яратиш учун ташаббускор томонидан амалга оширилган харажатларининг бир қисмини Давлат бюджетидан қоплашнинг янги ва қулай тизими жорий этилиши;

мазкур туманлар ҳокимларига, истисно тариқасида, 2022 йилнинг 1 январига қадар, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва тегишли халқ депутатлари Кенгашлари билан келишилган ҳолда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳаларга ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ҳуқуқи берилиши белгилаб қўйилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид