Ўзбекистон | 20:49 / 15.08.2020
15495
2 дақиқада ўқилади

«Одамларнинг дунёқарашини ўзгартириш керак» – Танзила Норбоева Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ҳақида

Олий Мажлис Сенати раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш масаласи хусусида фикрларини билдирди.

Фото : KUN.UZ/Архив

Норбоеванинг фикрича, гендер тенглигини ўрнатишни одамларнинг дунёқарашини ўзгартиришдан бошлаш лозим.

«Гендер тенглигини таъминлаймиз десак, одамларнинг дунёқарашини ўзгартириш керак. Бизда эркаклар аёлга қаттиқ гапирса ҳам, куч ишлатса ҳам бу зўравонлик эмас, оддий ҳолат, «эр бўлгандан кейин уради-да» деган қараш шаклланган бўлиши мумкин. Бундай муносабатнинг нотўғри эканлигини тушунтиришимиз керак.

Гендер тенглиги мавзуси бўйича тушунчалар беришни ўқув дастурларига киритиш масаласи кўрилмоқда. Мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача гендер тенглиги мавзуси билан ёшлар таништириб борилади, шунда янги авлодда мулоҳаза йўналиши, стереотиплар ўзгаради.

Аллақачон шаклланган одамни ўзгартириш қийин. Ўғил болалар таълимнинг эрта босқичиданоқ гендер тенглиги принципи бўйича тарбияланса, янгича қарашларга эга бўлган авлод шаклланади», деди Норбоева Гендер тенгликка эришиш стратегияси муҳокамасига бағишланган матбуот анжуманида.

Аввалроқ Гендер тенгликка эришиш стратегияси якуний муҳокамадан ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур стратегия 2030 йилгача Ўзбекистонда гендер тенглигига эришиш учун бажарилиши керак бўлган вазифаларни кўзда тутади.

Мавзуга оид