Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Видео: Қувада «темир дафтар»даги 6300дан ортиқ фуқарога ёрдам пуллари тарқатилди
Фарғона вилояти Қува туманида бўлиб, президент фармонига асосан «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали республика бюджетидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдамни тарқатиш қай тарзда ташкил этилаётганини кузатдик.

Қува туманидаги 69 та маҳалладаги 1587 та оилада истиқомат қилувчи 6314 киши бошига 220 минг сўмдан, жами 1 миллиард 389 миллион сўм маблағ тарқатилиши кўзда тутилган. Маҳаллалардаги оилаларнинг 90 фоизидан зиёдига пуллар тарқатиб бўлинибди.
Дастлаб Қайирма маҳалласида жойлашган 3-сектор штабида бўлиб, Қува туман ҳокими Равшанбек Қурбоновнинг сектор раҳбарлари, МФЙ вакиллари ва банк ходимларига бир марталик пул маблағларини тарқатиш бўйича тушунтириш ишлари олиб бораётганини кузатдик. Сўнг мутасаддилар билан биргаликда Қайирма ва Ифтихор маҳаллаларидаги ижтимоий муҳофазага муҳтож хонадонларда пул тарқатиш жараёнини тасвирга тушириб, ўша оилалар аъзолари билан суҳбатда бўлдик.



7 нафар фарзанд ва набираларни тарбиялаётган Икромхон Ҳомидов сурункали касалликка чалинган, ишга ярамайди.
«Соғлигим ёмонлиги ва оила шароитим оғирлиги туфайли маҳалла фуқаролар кўп ёрдам бериб туради. Мана, бугун 1 миллион 760 минг сўм миқдорида моддий кўмак олдим. Уйимизда 8 жон истиқомат қилади. Коронавирус балосидан халқимиз тезроқ қутулишини тилайман», – дейди И. Ҳомидов.


«Якка-ёлғиз яшайман. Қаровчим йўқ. Маҳалла фуқаролар йиғини шароитимни ўрганиб чиқиб, «Темир дафтар»га киритишган. Озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келишади, тез-тез хабар олиб туришади. Президентимизнинг фармонларига биноан ёрдам пули ҳам беришди», дейди Қайирма маҳалласи яшовчи Ҳидоятхон Мадаминова.

«Қайирма» МФЙ раиси Салимахон Маликова ҳудуддаги оилаларни «темир дафтар»га киритишда оиланининг ҳолатини ўрганиш учун маҳалла нуронийлари билан қандай иш олиб борилаётгани тўғрисида маълумот берди.
«Пандемия даврида ташкил этилган «темир дафтар»га маҳалладаги яшаш шароити оғир бўлган, якка-ёлғиз, касалманд аъзоси бор оилаларни қўшишда маҳалладаги ёши улуғ ҳожи оналар, нуроний оқсоқолларга маслаҳат солдик. Улар эътиборни ҳозирги шароитда қийналаётган кўп фарзандли оилаларга қаратиш лозимлигини айтишди.
Маҳалладаги ҳар бир хонадонни ўрганиб чиқдик. Рўйхат тўлиқ маҳалла аҳли иштироки билан тузилди. «Маҳалла раиси ўз қариндоши ёки танишини қўшиб олибди», деган гаплар бизга ярашмайди», дейди МФЙ раиси.

Қува шаҳридаги Ифтихор маҳалла фуқаролари йиғини биносида сектор аъзолари ва банк ходимлари томонидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам тарқатилди.
«Олти нафар фарзандим бор. Оғир касалликлар – умуртқа чурраси ва қандли диабетга чалинганим учун ҳеч қаерда ишламайман. Маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари ҳолатимни яхши билгани учун «темир дафтар»га киритишган. Жуда кўп ёрдам бериб туришади. Кўриб турганингиздек, бугун яна моддий ёрдам беришди. Барча раҳбарларга ўз миннатдорчилигимни билдираман», дейди Ифтихор маҳалласида яшовчи Гулбаҳор Мамажонова.

«Туманимизда «темир дафтар»га киритилган 69 та маҳалланинг 1587 та оиласида истиқомат қилувчи 6314 киши бошига 220 минг сўмдан, жами 1 миллиард 389 миллион сўм маблағ тарқатилиши кўзда тутилган. Уч кун давомида банк ходимлари билан биргаликда пулларни тарқатяпмиз», дейди Қува туман ҳокимлиги Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи Холмуҳаммад Раҳимов.


Элмурод Эрматов
Мавзуга оид
19:19 / 01.12.2025
Қувада эркак турмуш ўртоғи ва икки фарзандини ўлдирганликда гумонланмоқда
15:12 / 23.11.2025
“50 тоннагача ҳосил оламиз” — Қувадаги сабзи пайкалига саёҳат
17:40 / 20.11.2025
“Кўмирнинг ўзи билан баҳорга чиқиб бўлмайди” — Қуваликлар қишга тайёрланмоқда
23:35 / 09.11.2025