Коронавирус: Самарқандда фойдаланишга топширилган 1080 ўринли махсус комплекс қандай ташкил этилган?
Коронавирус пандемияси ҳукумат ва тиббиёт соҳасининг тезкор қарорлар қабул қилиши, шошилинч вазиятларга тайёр бўлиши учун зарур тажриба тўпланишига замин яратмоқда. Бу тизимдаги бир қатор лойиҳаларда, ҳудудларнинг касаллик билан курашишдаги ёндашувида ҳам акс этяпти.
Хусусан, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан фойдаланишга топширилган 1080 ўринли махсус шифохона вилоятда вазиятнинг барқарорлашувига хизмат қиляпти. Муассасада ҳозирги вақтда 34 нафар шифокор, 90 нафар ҳамшира ва 90 нафар кичик тиббиёт ходимлари хизмат қиляпти. Беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 24 соат давомида, 3 та сменада кузатув ишлари олиб бориляпти.
Шифохона зарур жиҳозлар билан таъминланиб, коронавирус инфекциясига шубҳа қилинган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва юқтирганларни даволаш учун барча шароитлар яратилди. Зарур тиббиёт ускуналари – Бобров нафас олиш ускунаси, небулайзер, ИВЛ, СИПАП, кардиомонитор, кислород концентраторлари ва кислород станцияси ўрнатилган.
Комплекс ултра товушли замонавий кузатув камералари билан таъминланди. Бу ҳам мутахассисларга беморларга тезкор ёрдам беришда қўл келмоқда. Беморлар аҳволи ҳақидаги кунлик ахборот соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилмоқда.
Беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишда Самарқанд давлат тиббиёт институтининг бир гуруҳ малакали профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари жалб қилиниб, улар томонидан тегишли тавсиялар бериб келинмоқда.
Самарқандда бундан ташқари коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни даволаш учун зарур дори-дармонлар захираси яратилган. Амбулатор шароитда даволанаётганлар учун эса зарур дори-дармонлар билан жиҳозланган 8 мингта махсус тиббий ёрдам тўпламлари аҳолига тарқатилди.
Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024