Муҳит омили. Коррупция йўқолмаётгани ҳақида
Киши коррупционер бўлиб туғилади дейсизми? Йўқ, уни муҳит коррупционер қилади.
Масалан, бирор-бир вазирлик тизимида коррупция ҳолатлари кўпми, демак ўша вазирлик ичида ҳукм сураётган муҳит ёмон. Чунки, ўша вазирликка тегишли идораларда муҳит нурли бўлса, бундай нур коррупцияни келтириб чиқарадиган иллатларни куйдириб йўқ қилиб юборарди. Қандай қилиб, дейсизми?
Муҳит
Дейлик, бир ёш йигит ўқишни битириб, қайсидир вазирлик тизимидаги идорага ишга кирди. У ўша вазирлик оиласига қўшилди. Агар у бу жамоада ҳалоллик ва ростгўйлик муҳитига дуч келсами...
Гап шундаки, ҳалоллик ва ростгўйлик муҳити бу – «сеҳрли таёқча». Бундай муҳитга тушиб қолган ҳар қандай йигит-қизнинг дунёқараши яхшигина, баъзида эса инқилобий тафтишга учрайди, ички оламида ижобий бурилиш ҳосил бўлади.
Тўғри, ўша йигит ёки қиз ўта зиёли оилада туғилган бўлса, ота-онасидан ҳалоллик ва ростгўйлик ўгитини олган бўлса, унда бундай муҳит унинг учун янгилик бўлмайди, уни гўё ўз оиласидаги муҳитнинг давомидек қабул қилади. Бироқ...
Бизнинг шароитда – инсон эсини таниганданоқ ёлғон, иккиюзламачилик, пора-ю юлғичлик воқеликнинг бир қисми деб қабул қилинадиган воқеликда, ҳар бир иш пул билан битадиган ҳолатимизда униб-ўсган ёшлар учун бундай ёруғ муҳитга тушиб қолиш – янги оламга тушиб қолиш каби.
Янги олам
Яна ҳам яхши тушуниш учун, тасаввур қилинг, сиз ёшсиз, янги жамоангизда деярли ҳамма ҳалол, принципларига содиқ, ҳамма халқ равнақи учун уриняпти, ҳаммани иши тартибли, зеро раҳбариятнинг талаби ҳам шу, идорада юритилаётган сиёсати ҳам шу.
Сиз бунақа «олам»ни ҳали кўрмагансиз ва у сизга роса ёқиб тушади, чунки иллатлардан холи бўлган муҳитда кишиларнинг юзидан нур ёғилиб туради, уларнинг одоби, муомаласи аъло бўлади. Бундай жойда маза қилиб ишлайсиз, чунки атрофдаги кишилардан тараладиган ижобий қувватдан озуқа оласиз, баҳорги ёмғир остида қолгандек ҳис қиласиз ўзингизни, шахсингиз яхши тарафга ўзгараётгани ҳис этасиз. Тоза-ҳалол ишлаган қаёқда-ю, ҳаром-ҳариш, аралаш-қуралаш ишларни қилиб, кўнгилни хира қилиш, юзингиздан нур кетиши қаёқда?
Қайсидир вазирликка тобе идораларнинг қайсидир поғонаси коррупция дучор бўлганини кўрдикми, демак бу биргина ўша идоранинг эмас, бутун тизимнинг муаммоси. Гап ўша оилада қарор топган муҳитда, иллатларни ёндириб юборадиган нурнинг йўқлигида.
Юлғич солиқчи, инсофини еб қўйган божхоначи, ҳокимликнинг порахўр ходими, охират савол-жавобини эсидан чиқарган СОЭМ ходими, эси дарди камчиликларни яшириб, соя остида халқ пулларини ўмарадиган ССБ ёки ХТБ бошлиғи – булар бир хусусий ҳолатлар эмас, балки ўша идораларда ҳукм сураётган муҳитдан далолат.
Ижобий селекция
«Барибир кимнингдир коррупцияга мойиллиги кучли келади, муҳитга қарамасдан» дейиш мумкин. Тўғри, ҳатто аъло муҳит шаклланган чет корпорацияларида ҳам битта-яримта коррупция ҳолатлари учраб туради. Бироқ...
«Битта- яримта» бу – фавқулодда ҳол деб қараладиган, аммо тизим дучор бўлган дард деб қаралмайдиган, тенденция ўлароқ кўрилмайдиган ҳолат. Яна бир муҳим жиҳат – ҳалоллик ва ростгўйлик муҳитида ўша – коррупцияга мойиллиги юқори бўлган табиати бузуқ шахс кўп ишлай олмайди, иллати ишкор бўлади ва идорадан, яъни оиладан четлаштирилади. Бу дегани яхши муҳитда ўзига хос ижобий селекция бўлиб туради. Муҳит ўз-ўзини ҳимоя қилади, тозалайди.
Тескари селекция
Яхши муҳит яхши селекция қилса, ёмон муҳит... бунга тескари селекция қилади. Яъни, ёмон муҳитга табиатан поклик ва ростгўйликка мойиллиги бор ёхуд яхши тарбия кўрган инсон кириб қолса, бундай муҳит уни, ўз навбатида, танасидан чиқариб ташлашга «бел боғлайди». Пировардида ёмон муҳит ҳам ўзини ҳимоя қилиб, турғун қолишга уринади.
Нега коррупция билан курашиш қийин бўляпти дейсизми? Саволингизга жавоб ўша – идораларда йиллар, ўн йиллар давомида шаклланган ёмон муҳит ўзини ҳимоя қиляпти. Нега давлат идоралари ишида, юмшоқ қилиб айтганда, тартибсизлик кўп деб сўрасангиз, жавоб ўша – тескари селекция.
Хулоса шуки, давлат идоралари ва ташкилотлари бинолари ичидаги муҳит ўзгармас экан, бундай ўзгариш учун омиллар пайдо қилинмас экан, вазият ўзгармайди, зеро, коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари яшаб қолаверади.
Шокир Шарипов
Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.
Мавзуга оид
19:42 / 07.11.2024
Тахиатош тумани ҳокими собиқ ўринбосари озодликдан маҳрум этилди. У бюджет маблағларини талон-торож қилган
10:34 / 05.11.2024
Ховос тумани ҳокими собиқ ўринбосари 7 йилга қамалди
09:51 / 05.11.2024
Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари тезкор тадбирда қўлга олинди
20:58 / 04.11.2024