Жаҳон | 12:01 / 17.08.2020
27989
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда янги ўқув йили бошланди

Тожикистонда 17 август кунидан янги ўқув йили бошланди.

Фото: reachtheworld.org

Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон ўқувчилар, талабалар, устозлар ва ўқитувчиларни янги ўқув йили билан табриклаб, мурожаат йўллади.

Анъанавий тарзда 1 сентябрда бошланадиган янги ўқув йили коронавирус пандемияси туфайли 2 ҳафта олдинга кўчирилди. Аввалги ўқув йили эртароқ якунлангани ва таътиллар чўзилиб кетгани боис, шундай қарор қабул қилинди. Янги ўқув йили барча таълим даргоҳларида «Тинчлик дарси» билан бошланди.

Давлат раҳбари берган маълумотга кўра, ҳозирги вақтда Тожикистонда 9та президент мактаби, 75та гимназия ва 71та лицей фаолият юритмоқда. Уларда таълим олаётган ўқувчилар сони 97 мингдан ошган. Умумтаълим касб-ҳунар муассасалари сони 75га етган, уларда 90 мингга яқин ўқувчи таҳсил оляпти. Олий таълим муассасалари сони 40та, уларда 227 минг талаба таълим олмоқда. Шунингдек, 35 мингга яқин тожикистонлик талабалар хориждаги таълим муассасаларида таҳсил олишмоқда.

Янги ўқув йили билан табриклар экан, президент таълим сифатига ҳам эътибор кучайтириш лозимлигини таъкидлади.

«Таълим сифатини таъминлаш халқаро таълим соҳаси майдонига кириш йўлларидан биридир», - деди Эмомали Раҳмон.

Мавзуга оид