Тўдакўлда хорижий инвестиция ёрдамида барпо этилган янги дам олиш маскани ишга туширилди — видео
Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳудудида жойлашган улкан Тўдакўл сув омбори ҳудудида президентнинг 4755-сонли қарорида белгиланган топшириқларга кўра замонавий пляж мажмуаси барпо этилмоқда.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигида бухоролик тадбиркорлар ва хорижий инвестицияни жалб қилиб барпо этилаётган «Silk Road Family Resort» дам олиш масканининг дастлабки қисми фойдаланишга топширилди.
16 август куни дам олиш масканининг расмий очилиш маросими ўтказилди. Тантанали тадбирни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов, Бухоро ва Навоий вилояти масъул раҳбарлари очиб беришди.
Тўдакўл қирғоғига туташ бўлган 15 гектар майдонда мазкур объектнинг биринчи босқичида 500 нафар, иккинчи босқичида эса 1500 нафардан ортиқ сайёҳни қабул қилиш имконияти яратилади. Бу сайёҳлик дам олиш маскани ишга тушгач, 150 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Тўдакўл чўл ўртасида жойлашган ҳудуд бўлиб, у ерга бориш учун автомобиль йўллари ҳам таъмирланмоқда. Бухоро ва Навоий вилояти ҳокими ўринбосарларига саволларимиз инфраструктура ҳақида бўлди.
Айни пайтда Тўдакўлга Бухоро шаҳридан Когон тумани орқали олиб борувчи йўллар ҳам, Қизилтепа шаҳригача бўлган 26 километрлик йўл ҳам давлат дастури асосида қайта таъмирланмоқда. 2021 йилгача барча ишлар якунланади.
Тўдакўлда сув камроқ экан. Бунинг сабабини сўраганимизда унинг сувидан далаларни суғоришда фойдаланилаётгани айтиб ўтилди.
Жаҳон андозаларига мос келувчи ушбу дам олиш маскани лойиҳасига кўра, қурилиш жараёнлари 2022 йилда якунланиши режалаштирилган. Тўдакўл соҳили бўйида барпо этилаётган пляж, дам олиш ва соғломлаштириш маскани ҳамда аквапаркнинг умумий лойиҳа қиймати 6 млн АҚШ долларини ташкил этади.
Режага кўра, келажакда дам олиш маскани ҳудудида дарахтлар ўтқазилади, қуёш нурида тобланиш, аквапарк, мини «Диснейланд», 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, сўрилар, кема шаклидаги ресторан, ёзги терраса, СПA-салон, табиат қўйнидаги ўйингоҳ, тиббиёт бурчаги, соғломлаштириш маскани, спорт ўйингоҳи, от спорти майдони барпо этилади.
Айни пайтда бу масканга оилавий ташриф буюриб, ҳордиқ чиқариб кетиш учун барча шароитлар муҳайё.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири.
Жаҳонгир Алибоев, тасвирчи.
Мавзуга оид
13:31 / 22.11.2024
Бухоро ва Навоийда саксовулларни синдирганларга 43 млн сўм жарима белгиланди
14:11 / 11.11.2024
Навоийда Nexia ва Exeed тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
12:32 / 06.11.2024
Миср Навоийдаги мис конида бурғилаш ишларини бошлади
16:28 / 01.11.2024