Жаҳон | 00:52 / 18.08.2020
5949
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида коронавирус сабабли музлатилган маҳсулотлар импорти тақиқланди

Хитойнинг энг гавжум провинцияси бўлган Гуандуннинг пойтахти Гуанчжоу шаҳрида коронавирус тарқалиши даражаси юқори бўлган давлатлардан музлатилган гўшт, балиқ ва денгиз маҳсулотлари импорт қилиш тақиқлаб қўйилди. 

Фото: REUTERS

Financial Times нашрининг ёзишича, шаҳар раҳбариятининг бу қарорига хориждан, жумладан Бразилия ва Эквадордан импорт қилинган музлатилган маҳсулотларда коронавирус аниқлангани сабаб бўлган.
        
2020 йил биринчи ярмида Гуанчжоу 665 млн долларлик музлатилган гўшт ва балиқ импорт қилган. Бироқ Хитой ҳукумати хориждан келтирилувчи маҳсулотларни коронавирусга текширишни буюргандан кейин, июнь охиридан музлатилган маҳсулотларнинг ўзида ёки уларнинг ўрамларида коронавирус аниқланиши билан боғлиқ 10 та ҳодиса қайд қилинган. 

Бу орада баъзи олимлар ва ЖССТ Хитойнинг маҳсулотларда коронавирус аниқланиши сабабли хавотирга тушишига қўшилмаяпти. ЖССТнинг фикрича, вирус инсонга маҳсулот сиртидангина юқиши мумкин. Йель университети олими Си Чэннинг таъкидлашича эса, музлатилган маҳсулотларнинг коронавирусга таҳлили натижаси мусбат чиққани уларда ўлик коронавируснинг ирсий материали борлиги билан тушунтирилиши мумкин ва улар инсонни зарарлай олмайди. 

“Хитой ўзини вирусни назоратга олган, деб ҳисобламоқда ва шу сабабли унинг қайтишига йўл қўймаслик учун барча воситани қўллашга тайёр. Бироқ бунда фанга таяниш ва халқаро савдога путур етказмайдиган чоралар ишлаб чиқиш лозим”, деб айтган Си Чэн.

 

Мавзуга оид