Ўзбекистон | 14:43 / 19.08.2020
15017
3 дақиқада ўқилади

Кореяга қайтиб кетиш учун қандай жараёнлардан ўтиш керак? – мутахассис изоҳ берди

АОКАда бўлиб ўтган брифингда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов фуқаролардан келиб тушган саволларга жавоб берди.

Жумладан, мурожаатлардан бирида фуқаро Кореядан Ўзбекистонга таътил олиб келгани, Кореяга киришга рухсат берилгач, қайтиб кетиш учун қандай жараёнлардан ўтиши кераклиги ҳақида сўраган.

“Пандемия даврида Корея Республикаси ҳудудига киришга рухсат олиш учун мазкур давлатга киришдан олдин 14 кунлик мажбурий карантин талабларига риоя қилиш бўйича розилик битимида иш берувчи билан келишган ҳолда карантин манзилини кўрсатиш шарт. Карантин манзили ID картадаги охирги кўрсатилган манзилга яқин ҳудудда бўлиши талаб этилади. Шунингдек, бу маълумотларни таътилга келган фуқаролар учун очилган “@tatil2020” телеграм манзилига корейс тилида юборишингиз сўралади.

Бундан ташқари, иш берувчи билан мунтазам алоқада бўлиб туриш ҳамда (www.eps.go.kr сайтидаги) шахсий кабинет маълумотларини текшириб бориш тавсия этилади. 

Шахсий кабинетдаги маълумотлар ўзгарса, яъни меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан бекор қилинган тақдирда, бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига хабар беришингиз сўралади.

Меҳнат шартномаси бекор қилинган ва виза амал қилиш муддати тугамаган фуқаролар шартнома рад этилган кундан бошлаб 1 ой муддатда Корея Республикасига кириб бориши ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кореядаги ваколатхонасига (+8270 4252 2772) мурожаат этиши лозим.

Шунингдек, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тавсия қилинган тиббиёт муассасаларида жўнаб кетишдан 48 соат олдин коронавирусга тест топшириш белгиланган.

Агар фуқарода Корея ҳудудига кириб боргач коронавирус инфекцияси аниқланса, у махсус даволаниш муассасасида ўз ҳисобидан даволанади.

Фуқаро томонидан нотўғри маълумотлар берилиши унинг Корея Республикаси ҳудудига кириши учун тақиқ қўйилишига сабаб бўлиши мумкин”, - дея жавоб берди Ортиқхўжа Норов.

Яна бир мурожаатда эса “Кореядан меҳнат фаолиятимни тугатиб қайтишимда Самсунг Хважи ойлик иш ҳақимни олишга улгурмадим. Пулимни Ўзбекистонда олишимни айтишди. Мен пулимни қанақа тартибда оламан”, дея сўралган.

“Сиз олишга улгурмаган ойлик иш ҳақингиз 2 ҳафтадан сўнг автоматик тарзда Тошкентдаги EPS-маркази ҳисоб-рақамига ўтказилади. 

Марказга мурожаат қилиб, талаб қилинган ҳужжатларни тақдим этсангиз,  банкда очилган валюта ҳисоб-рақамингизга пул ўтказиб берилади” - деди агентлик мутасаддиси.

Мавзуга оид