Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Конгресси миграция хизмати учун 70 миллиард доллар ажратди
АҚШ Конгресси миграция ва чегара хавфсизлиги тизимини молиялаштириш учун 70 миллиард доллар ажратишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тасдиқлади. Ҳужжат демократлар танқидига қарамай қабул қилинди ва энди президент Дональд Трамп имзоси учун юборилади.
АҚШ Вакиллар палатаси 9 июнь куни мамлакатнинг миграция ва чегара хизматлари фаолиятини молиялаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжатни 214 нафар конгрессмен қўллаб-қувватлаган бўлса, 212 нафар қонун чиқарувчи қарши овоз берди.
Мазкур ташаббус аввалроқ Сенат томонидан ҳам маъқулланган. Қонун кучга кириши учун эндиликда уни президент Дональд Трамп имзолаши керак.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, маблағлар АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) ҳамда Божхона ва чегара муҳофазаси хизмати (CBP) фаолиятини таъминлашга йўналтирилади. Ажратилаётган 70 миллиард доллар уч йиллик даврни, яъни Трамп президентлик муддатининг қолган қисмини қамраб олади.
Миграция идораларини молиялаштириш масаласи 2026 йил февраль ойида кескин баҳсларга сабаб бўлган эди. Ўшанда Миннесота штатидаги Миннеаполис шаҳрида ўтказилган антимигрантлик рейдлари вақтида ICE агентлари томонидан икки нафар маҳаллий аҳоли — АҚШ фуқаролари Рене Гуд ва Алекс Претти отиб ўлдирилган.
Расмийлар ҳар икки ҳолатда ҳам қурол ишлатилиши ўзини ҳимоя қилиш мақсадида бўлганини таъкидлаган. Бироқ кейинчалик эълон қилинган видеотасвирлар ушбу баёнотларга нисбатан жиддий саволларни келтириб чиқарган.
Миннеаполисдаги воқеалар ва улар атрофидаги можаро АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэмнинг истеъфосига ҳам сабаб бўлди. Трамп маъмуриятининг қатъий миграция сиёсати тарафдори бўлган Ноэмнинг ўрнига Маркуэйн Маллин тайинланган.
Демократлар янги қонун лойиҳасини танқид қилиб, миграция идораларига ажратилаётган маблағлар устидан кучлироқ назорат ўрнатиш зарурлигини таъкидламоқда. Республикачилар эса мамлакат чегаралари хавфсизлигини таъминлаш ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш учун қўшимча ресурслар зарурлигини билдирмоқда.