Жаҳон | 15:33 / 19.08.2020
9193
2 дақиқада ўқилади

Тихановская Еврокенгашни Лукашенконинг ғалабасини тан олмасликка чақирди

Светлана Тихановскаянинг сўзларига кўра, 9 август куни бўлиб ўтган сайлов на адолатли, на шаффоф бўлди, унинг натижалари сохталаштирилди.

Фото: Picture Alliance

Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская Европа кенгашини мамлакатда 9 август куни ўтказилган сайловнинг расмий натижаларини тан олмасликка чақирди.

"Мен бу товламачилик сайловини тан олмасликка чақираман. Лукашенко халқимиз ва дунё кўз олдида қонунийлигини йўқотиб бўлди", - деди Тихановская Еврокенгашга видеомурожаатида.

 Светлана Тихановскаянинг сўзларига кўра, 9 август куни бўлиб ўтган сайлов на адолатли, на шаффоф бўлди, унинг натижалари сохталаштирилди, ўз танловини ҳимоя қилиш учун кўчаларга чиққан одамлар эса қаттиқ калтакланди, қамоққа ташланди ва ҳукуматга маҳкам ёпишиб олган режим томонидан қийноққа солинди. 

 Светлана Тихановская тинч мулоқот орқали ҳокимиятнинг топширилиш жараёнини бошқарувчи мувофиқлаштирувчи кенгаш унинг ташаббуси билан тузилганини айтди.

"Сизларни Беларуснинг уйғонишини қўллаб-қувватлашга чақираман. Барча мамлакатларни халқаро ҳуқуқ тамойилларини ҳурмат қилишга чақираман. Беларусь суверенитети ва беларусь халқи танловини ҳурмат қилишга чақираман", - деди Тихановская.

Европа кенгаши 19 август куни Беларусга нисбатан нуқтаи назарини ишлаб чиқиш учун навбатдан ташқари видеосаммит ўтказади.

Мавзуга оид