Жаҳон | 13:55 / 20.08.2020
8383
3 дақиқада ўқилади

Германия аҳолига ҳеч қандай шартсиз 1200 евро тўлаш бўйича уч йиллик тажрибани бошлади

Германия тажрибага старт берди, унда иштирокчилар уч йил давомида ҳар ой 1200 евро миқдоридаги пулни ҳеч қандай қўшимча шарт ёки талабсиз олади. Финляндияда шунга ўхшаш тажриба шуни кўрсатдики, ишсизлик даражаси бу туфайли пасаймайди, аммо одамлар ўзларини бахтлироқ ҳис қилади.

Фото: en24news

Германия шу ҳафта махсус тажрибани бошламоқда, унда 120 кишидан иборат гуруҳга уч йил давомида ҳар ой 1200 евро миқдорида пул тўланади - ҳеч қандай шарт ёки талабсиз, бу шунчаки базавий даромад бўлади, дея хабар қилди Business Insider. Тажрибанинг мақсади - бундай нақд пул тўловлари иқтисодиёт ва инсонлар фаровонлигига қандай таъсир қилишини тушуниш.

Тажриба доирасида таклиф қилинган пул миқдори Германиядаги қашшоқлик даражасидан бироз юқоридир. Тўловни оладиганларнинг аҳволи пул олмайдиган 1380 киши билан таққосланади. Эксперимент Германия Иқтисодий тадқиқотлар институти томонидан ўтказилмоқда. Тажриба учун бюджет хайрия маблағлари ҳисобига шакллантирилди. Эксперимент давомида иштирокчилардан бундай даромаднинг таъсири қанчалик муҳимлигини тушуниш учун ҳаёти, иши ва руҳий ҳолати тўғрисида сўровномаларни тўлдириш сўралади.

Базавий даромад ҳукумат ҳар бир фуқаросига, уларнинг даромади ёки иш жойидан қатъи назар, ҳар ой маълум миқдорда пул тўлаши керак деган ғояни англатади. Ушбу тўловлар бюрократик тўсиқлар билан мураккаблашадиган ижтимоий нафақаларнинг ўрнини босиши мумкин. Бундай тўловларнинг тарафдорлари фикрича, у даромадлар тенгсизлигини камайтиради ва одамлар фаровонлигини яхшилаб, уларга кўпроқ молиявий ишонч беради, деб ёзмоқда Business Insider. Бунга қаршилар эса бу чора жуда қиммат, деб ҳисоблашмоқда. Билдирилишича, у туфайли одамларда ишлаш учун ҳеч қандай сабаб бўлмай қолиши мумкин. Ушбу ғоя сўнгги йилларда молиявий инқироз ва тобора кучайиб бораётган тенгсизлик сабабли ғарб мамлакатлари эътиборини тортди.

Эксперимент раҳбари Юрген Шлюппнинг Der Spiegel немис газетасига маълум қилишича, Германия тажрибаси янги илмий маълумотлар тақдим этади. «Шу пайтгача базавий даромад борасидаги мунозаралар яхши пайтлардаги фалсафа салонига ва ёмон кунлардаги ишонч учун урушга ўхшаб қолганди», - деди Шлюпп. Унинг сўзларига кўра, иккала томон ҳам стереотипларга таянади: қарши бўлганлар фикрича, базавий даромадга эга одамлар диванда фастфуд билан ўтириб, сериал томоша қилишни афзал кўришади, тарафдорлар эса одамлар ишлашни давом эттириши, уларда ижодий ёндашув ортиши ҳамда хайрияга эътиборни кучайтириши, демократияга мойил бўлишига ишонишади. Шлюппнинг умид қилишича, немис тажрибаси ушбу стереотипларни ҳақиқий маълумотлар билан алмаштиради.

Финляндияда базавий даромадга эга бўлган шу каби эксперимент 2017 йил январидан 2018 йил декабригача ўтказилган. 2000 нафар ишсиз фуқаро ойига 560 евро олган - бу Финляндияда яшаш даражасидан анча паст (2018 йилда у 1160 евро эди). Тажриба натижасида мамлакатда ишсизлик даражаси пасаймади, аммо иштирокчилар ўзларини бахтли ҳис қилишганини ва камроқ стрессни бошдан кечирганликларини таъкидладилар. Баъзи фуқаролар ҳақиқатдан ҳам иш топишган, аммо уларнинг улуши пул олмаганлар гуруҳидаги шахслар сонидан юқори бўлмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид