Ўзбекистон | 11:40 / 20.08.2020
8679
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия меҳнат миграцияси соҳасида янги ҳукуматлараро битим тузади 

Россияда Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат фаолиятини ташкил этишнинг ошкора механизмларини жорий этиш мўлжалланмоқда.

Фото: mift.uz

Жорий йилнинг 19 август куни Москва шаҳрида Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Россияга ташрифи доирасида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари С.Умурзоқовнинг Россия ҳукумати раисининг ўринбосари А.Оверчук билан учрашуви бўлиб ўтди. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат ҳамкорлиги масалаларининг кенг кўлами муҳокама қилинди.

Россия ва Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани билан янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва савдо шартномалари тузиш мақсадида вазирликлар, идоралар ва ҳудудий маъмуриятлар раҳбарларининг ҳамда тадбиркорлик вакилларининг ташрифларини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар биргаликда ўтказилиши режалаштирилган бир қатор тадбирларни, жумладан, II Минтақалараро ҳамкорлик форуми, Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси (ХХЮК) ҳудудида "Ўзбекистон Республикаси кўргазма маданий маркази"нинг очилиши, Москва шаҳрида "Made in Uzbekistan" Миллий кўргазмаси, Таълим форуми ва Медиафорумини юқори савияда ўтказиш мақсадида икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Россияда Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат фаолиятини ташкил этишнинг ошкора механизмларини жорий этишни назарда тутган ҳолда РФ ҳудудидаги ўзбекистонлик мигрант фуқароларнинг фаолияти учун муносиб шароитлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, томонлар амалий ҳамкорлик ва аниқ чораларни амалга ошириш, шу жумладан, тегишли ҳукуматлараро битимларни тезкор равишда тузиш ҳамда меҳнат миграцияси соҳасида махсус механизмларни яратиш имкониятларини кўриб чиқдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид