Ўзбекистон | 19:01 / 20.08.2020
27115
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Пандемия Мустақиллик кунида катта йиғин ва сайиллар ўтказишни чеклашни талаб қилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 20 август куни тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши аввалида пандемияни жиловлаш масаласига тўхталиб, Мустақиллик байрамини бундай шароитда нишонлаш юзасидан кўрсатмалар берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, бугунга келиб мамлакатда жами коронавирус юқтирганлар сони 37,5 мингдан ошди, шундан 33 мингдан зиёди ёки 88 фоизи соғайди. 4 минг беморни даволаш чоралари кўрилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев бундай натижалар тиббиёт ходимларининг буюк хизмати эканини алоҳида айтиб ўтди. Вазият айниқса Тошкент шаҳрида ижобий томонга ўзгараётгани, яқинда Россия, Германия ва Хитойдан таклиф этилган шифокорлар ҳудудлар ўртасида тақсимлангани, Германиядан яна мутахассислар келиши кутилаётгани қайд этилди.

«Хорижлик экспертлар асосан оғир аҳволдаги касалларни энг замонавий услублар асосида, тизимли равишда даволашга жалб этилмоқда», – деди президент.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, айни ҳафталар синовли давр бўлади: кўрилаётган чоралар қанчалик натижа бериши кейинги ҳафтада аён бўлади.

«Лекин аҳоли томонидан шифокорлар тавсияларига, яъни ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, оилавий маросимларни ихчамлаш каби қатъий эҳтиёт чораларига риоя қилинмас экан, давлат карантин чекловларини қайтадан татбиқ қилишга мажбур бўлиши қайд этилди», – дейилади расмий хабарда.

Шу муносабат билан, пандемия шароитида яшаш ва ишлашга, турмушда эпидемиологик талабларга сўзсиз амал қилишга барча одатланиши кераклиги яна бир бор тайинланди. Ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва вазирларга доимий равишда вазиятни таҳлил қилиб, COVID-19 тарқалишини қатъий чеклаш, беморларни самарали даволаш ва эҳтиёжмандларга ёрдам бериш бўйича барча чораларни кўриб бориш топшириғи берилди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллик айёми ҳам яқинлашиб келяпти. Бу масалада шифокорлар билан маслаҳат қилган ҳолда шундай хулосага келиндики, пандемия билан боғлиқ вазият бу йил жойларда катта йиғин ва сайиллар ўтказишни чеклаш талабини қўймоқда. Шунинг учун ушбу улуғ санани кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Корхона ва ташкилотларда ҳам байрам тадбирлари режалаштирилган тақдирда уларни санитария нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида байрам кунлари қизиқарли, янги форматдаги кўрсатувлар, эшиттириш ва чиқишлар намойиш этиш борасида тавсиялар берилди.

Мавзуга оид