Ўзбекистон | 21:02 / 20.08.2020
13994
2 дақиқада ўқилади

Зойир Мирзаев эҳтиёжмандларга пул тарқатишда сохтакорлик қилган масъулларни танқид қилди

Маълум бўлишича, айрим масъуллар эҳтиёжманд оилалар рўйхатида келтирилган шахслар телефон рақамлари ёзиладиган жойга ўз рақамларини киритиб қўйган. Шу тарзда прокуратура вакиллари қўнғироқ қилганида ҳам «ҳа, мен ўша одамман, олдим пулни» қабилида жавоб берган.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев айрим туманларда эҳтиёжманд оилаларга маблағ тарқатилиши масаласида юз берган сохтакорликларда кўпинча маҳалла фуқаролари йиғинлари масъул шахсларининг бош-қош бўлганини маълум қилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Мирзаев бу ҳақда Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида тўхталиб ўтган. Ҳозирда айни масала юзасидан вилоят прокуратураси ўрганиш ўтказмоқда.

«Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармойишига асосан, «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали республикамиз бўйлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга Қурбон ҳайити арафасида бир марталик моддий ёрдам пуллари тарқатилган эди.

Вилоятимизда ҳам 20 мингта эҳтиёжманд оилага 1 миллион сўмдан, жами 20 миллиард сўм ва вилоятдаги саховатпеша тадбиркорлар ҳисобидан 750 та оилага чорва моллари, парранда ҳамда қуён ажратилгани кўплаб оилаларга янада қувонч олиб киргани рост.

Аммо, жорий йил 4 августдаги видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, амалга оширилаётган эзгу ишлар билан бир қаторда, айрим ҳудудларда фармон ижроси талаб даражасида ташкил этилмади. Бунга айрим маҳалла масъуллари бош-қош бўлишгани ҳам сир эмас, албатта», деган Зойир Мирзаев.

Вилоят ҳокимига кўра, мисол учун, халқ қабулхоналари ва колл-марказларга энг кўп мурожаат Деҳқонобод тумани (47 та) ва Қарши шаҳри (46 та) аҳолисидан келиб тушган. Қолган туман ва шаҳарларда ҳам шу каби ҳолатлар бор. Зойир Мирзаев бугунги синовли кунларда бу каби нохуш ҳолатларни амалга оширишнинг ўзи катта хиёнат, катта жиноят эканига урғу қаратган.

Вилоят прокуратураси томонидан ўтказилаётган ўрганиш ишларида маълум бўлишича, баъзи масъуллар эҳтиёжманд оилалар рўйхатида келтирилган шахслар телефон рақамлари ёзиладиган жойга ўз рақамларини киритиб қўйган. Шу тарзда прокуратура вакиллари қўнғироқ қилганида ҳам «ҳа, мен ўша одамман, олдим пулни» қабилида жавоб берган.

Мавзуга оид