Давлатлар ҳам мавжуд бўлмаган даврларда

Инсон бирор давлат фуқароси бўлиши учун, аввало, давлат тушунчаси мавжуд бўлиши керак. Паспорт ҳам, фуқаролик ҳам давлатсиз мавжуд бўла олмайди. Инсониятнинг қадимий тарихида эса давлат тушунчаси мавжуд эмасди. Илк давлатчилик тарихига оид фактлар милоддан аввалги 3 700 йилларга бориб тақалади. Бироқ ўша пайтларда ҳам давлатчилик эмас, фақат кўплаб одамлардан иборат жамоалар мавжуд эди.

Фуқаролик - «citizenship» сўзи лотин тилидаги «шаҳар» сўзидан олинган ва «шаҳарлик» деган маънони англатади. Чунки қадимги даврларда одамлар ўзларини бирор мамлакатлик дейишдан кўра, шаҳарлик дейишни кўпроқ маъқул кўришган. Фуқаролик концепцияси қадимги Грецияда минг йил олдин шакллана бошлаган. Кейинроқ эса Римда барча фуқароларнинг империя ҳудудида эркин ҳаракатланишига рухсат бериш учун фуқаролик атамасидан фойдалана бошланган.

Паспорт биринчи бўлиб саёҳат ҳужжати сифатида вужудга келган. Биринчи паспортлар ҳам халқаро саёҳатлар даврида ҳимояга эга бўлиш учун ишлаб чиқилган. Чунки ўша даврларда кемаларда саёҳат қилиш урфга кирган эди.

Ниқоблар, муҳр ва татуировкалар

Илк даврларда – милоддан аввалги 3 100 йилларда паспортлар фақат қоғоз кўринишида эмас, балки турли шаклларда, масалан, қирол муҳрлари, ниқоблар ёки татуировка кўринишида мавжуд бўлган.

Ниқоблар дастлаб Ғарбий Африка мамлакатларида ишлатила бошланган. Битта қабила бир хил кўринишдаги ниқобни таққан ва уни бошқа қабиладан шу билан ажратиб олиш мумкин бўлган. Бу кўринишдаги мансублиликни билдирадиган ниқобларни таққан одамлар бемалол савдо ва саёҳат қила олишган.

Татуировка кўринишидаги фуқаролик белгиси эса неолит давридан бери мавжуд. Одамларга шундай кўринишдаги белгилар қўйилганини исботловчи мўмиёланган тери қолдиқлари ҳам топилган. Кейинроқ қадимги греклар ўз жосусларини таниб олиш учун кўринмас сиёҳ билан шакл берилувчи татуировкалардан фойдаланган.

Римликлар эса жиноятчи ва қулларни бошқалардан ажратиш учун татуировкаларни ишлатишган.

Ҳурмат белгиси бўлган металл лавҳалар

Римда милодий 52 йилда, 2 минг йил олдин ҳарбий паспортлар сифатида танилган ҳужжатлар берила бошланади. Римда фуқароларни таниб олишнинг самарали усули дипломлар эди.