Жамият | 23:03 / 22.08.2020
28958
2 дақиқада ўқилади

ЙПХ ходими хизмат машинасида турли маневрларни бажаргани акс этган видео тарқалди. ЙҲХББ изоҳ берди

21 август куни ижтимоий тармоқларда «ГАИ акамиздан авто-трюкни додаси» сарлавҳали видеолавҳа тарқалди. Унда ЙПХ ходими хизмат автомашинасида турли манёврларни бажараётгани кўринган.

ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизматидан маълум қилишларича, видео Қўқонда бўлиб ўтиши кутилаётган ArmyGames ўйинларига тайёргарлик жараёнидан олинган.

Маълум бўлишича, 15 августдан 5 сентябргача Қўқон шаҳрида «Халқаро умумармия ўйинлари-2020» доирасида «Йўл-патруль» кўрик танлови ўтказилмоқда.

Мусобақада иштирок этиш учун ДЙҲХ хизматининг Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида хизмат олиб бораётган 25 нафар ходими ўзларига бириктирилган патруль автомашиналари билан 19 август куни Фарғона вилоятига етиб боришган.

21 август куни ЙПХ ходими Р.Муҳаммедов «Ласетти» русумли, 01 783 VSC давлат рақам белгили транспорт воситасининг техник ҳолати, созлиги ва чидамлилигини текшириш мақсадида танлов олди машғулотлар олиб бораётган вақтида, ушбу ҳолат атрофда томоша қилаётган қатнашчилар ва фуқаролар томонидан тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларга тарқатилган.

«Фуқаролардан ушбу ҳолатни тўғри тушунишларини сўраб, ходимларимизга нуфузли халқаро танловда омад ёр бўлишини тилаб қоламиз», – дейилади хабарда.

Мавзуга оид