Ўзбекистон | 19:20 / 23.08.2020
10035
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухородаги табиий газ конларида бўлди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва ишчи гуруҳ аъзолари Бухоро вилоятидаги Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Учқир» мажмуасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

«Учқир» комлексидаги қурилиш майдонларида бажарилаётган қурилиш-монтаж ишлари, углеводородлар қазиб чиқариш прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши, табиий газ қазиб чиқариш ва етказиб бериш тизимидаги муаммоли масалалар ўрганилди.

Бошқарув раиси томонидан масъулларга сиқув компрессор станциясининг қурилиш монтаж ишларини жадаллаштириш ва тезроқ якунлаш, жиҳозларни келтириш бўйича топшириқлар берилди

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан «Учқир сиқув компрессор станцияси» ва «Учқир газдан пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаси»да бажарилаётган кенг кўламли ишларнинг қурилиш ва монтаж ишлари жараёнидаги муаммоли масалалар аниқланди.

Мавжуд муаммоларнинг ечими юзасидан мутахассислар, қурувчилар, кон усталари ва геологлар билан муҳокамалар ўтказилди ҳамда тегишли вазифалар белгилаб олинди. 

Бундан ташқари, «Учқир газни олтингугуртдан тозалаш» комплексидаги қурилмаларнинг қурилиш ишлари ҳолати ҳам ўрганилди.

Пудратчи корхона раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди ва «Учқир сиқув компрессор станцияси»ни белгиланган муддатда ишга тушириш, белгиланган меъёрлар асосида ишлатиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Қазиб чиқариш ҳажмини ошириш юзасидан қўшимча тадбирларни ишлаб чиқиш, табиий газ сифат кўрсаткичларини янада яхшилаш мақсадида замонавий қурилма ва ускуналардан фойдаланиш даражасини ошириш белгиланди. 

Жойлардаги қудуқларни бурғилаш ва таъмирлаш ишларини тезлаштириш, уларни муддатидан аввал тугатиб ишга тушириш учун моддий товар бойликларини етказиб келишдаги муаммолар бартараф этилиши кераклиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қурилмаларни қуриб ишга тушириш билан Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида кунлик 2 млн кубометр табиий газ, 219 тонна суюлтирилган газ ва 102 тонна газ конденсати кўпайтиришга ва «Ўзтрансгаз» магистрал газ қувурларига узатилаётган табиий газ сифат кўрсаткичлари яхшиланишига эришилади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид