Ўзбекистон | 22:39 / 23.08.2020
47486
5 дақиқада ўқилади

Хусусий шаклдаги таълим — мамлакат келажаги учун энг тўғри инвестиция

Таълим ислоҳоти узоқ йиллар давом этадиган жараёндир. Яъни, бугун амалга оширилган ўзгаришларнинг натижасини, унинг қанчалик тўғри ёки нотўғри бўлганини бир неча ўн йил ўтибгина кўриш мумкин.

Демак, бу тизимда бирор-бир қарор қабул қилиш узоқни кўра билиш қобилияти ва жуда катта масъулиятни талаб қилади. Биргина нотўғри ташланган қадам йиллар ўтиб қимматга тушиши мумкин.

Аҳамият берганмисиз, нега аксарият ривожланган давлатлар мустақилликнинг илк кунлариданоқ таълим тизимини ислоҳ қилишга жиддий киришишган? Чунки улар таълим узоқ муддатли жараён ва шу билан бирга, келажакка тикилган энг тўғри инвестиция эканини яхши тушунишган.

Сўнгги 2–3 йил ичида Ўзбекистонда ҳам таълим тизимига бошқача ёндашиш зарурлиги долзарб масалага айланди. Тизимдаги камчиликлар, айниқса, қоғозбозлик ва коррупция кескин танқидларга учрай бошлади.

Эҳтимол, мактаб ва олий таълим муассасаларининг шу пайтгача давлат бюджети ҳисобидан яшаб келгани ҳам бунинг сабабларидан биридир. Негаки, бундай тизимда кўпинча сифат эмас, сон кетидан қувилади. Доимий таъминот бўлиб тургани сабабли ўз-ўзидан рақобат муҳити йўқолади, фақат натижа ва ҳисобот учун ишлаш кайфияти кучаяди. Қўпол қилиб айтганда, «мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида иш тутилади.

Давлат хусусий таълим даргоҳларини кўпайтиришга эътибор қаратаётганда ана шу омилларни ҳам ҳисобга олган бўлса, ажаб эмас. Президент ва ҳукумат вакилларининг сўнгги йилларда қабул қилаётган фармон ва қарорлари асосида хусусий таълим масканларига яратиб берилаётган шарт-шароит бу борадаги ёндашув ўзгариб бораётганига ишора қиляпти.

Жумладан, президентнинг «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва «Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида давлат умумий ўрта таълим мактабларини ташкил этиш тўғрисида»ги (лойиҳа), Вазирлар Маҳкамасининг «Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларида ҳам бундай ташаббус фаол қўллаб-қувватланаётганини кўриш мумкин.

Бундан ташқари, хусусий мактаб очиш учун лицензия олиш жараёнининг соддалаштирилиши, шунингдек, уларга шаҳодатнома ва аттестатларни бериш ҳуқуқи берилиши натижасида нодавлат умумтаълим муассасалари сони 6 бараварга ошиб, 150тага етди.

Хусусий таълим муассасалари очиш бизда аввал ҳам тажрибадан ўтган. Илгари болаларга бошланғич таълим берадиган хусусий боғча-мактаблар бўларди. Табиийки, уларда таълим сифати анча юқори бўлган. Чунки бундай мактаблардаги синфларда ўқувчилар сони нисбатан камроқ бўлар ва бу ҳар бир ўқувчини қамраб олиш имконини берарди.

Бу турдаги мактаблар ўз кунини ўзи кўргани учун ҳам, ўзраро рақобатга киришишар, сифатли таълим бериш, яхшироқ натижа кўрсатиш учун курашишарди. Аммо уларнинг сони нисбатан кам бўлгани туфайли у қадар оммалашиб кета олмади. Бунинг устига молиявий қийинчиликлар оқибатида бирин-кетин ёпила бошлади. Давлат уларни ўз вақтида қўллаб-қувватламади.

Энди секин-аста ана шу тажрибани қайта ишга солиш вақти келди. Хусусий таълим ҳамиша ўзини оқлаган. Буни бошқа давлатлар тарихидан ҳам билиб олиш мумкин. Дунёда довруғ қозонган университет ёки мактабларнинг аксарияти хусусий секторга тегишли. Мисол учун, Ҳарвард университетининг ўзи дунёга 75 нафар Нобель мукофоти совриндорларини етиштириб берган. Мамлакат бўйича энг кўп муваффақиятга эришган кишилар ҳам айнан шу университет битирувчиларидир. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда давлат-хусусий шериклиги асосида мактаблар ташкил этишдан асосий мақсад ҳам муваффақиятли битирувчиларни етиштириб беришдан иборат. Бунга зарур шароит яратиб берилса бўлгани.

Ҳукумат ҳам бунинг аҳамиятини тўғри англаб уларни қўллаб-қувватлашда давом этяпти. Ҳатто карантин даврида ҳам бошқа соҳалар қаторида молиявий муаммоларга дуч келаётган нодавлат таълим ташкилотлари аҳволи ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.

Аслида, давлат таълимни тўлиқ бошқаришдан кўра, уни четдан туриб назоратга олиши, фаолиятини тартибга солиб туришининг ўзи етарли. Ана шундагина уларда юқори сифатли таълимга, яхши натижага бўлган интилиш кучаяди, «яшаб қолиш» учун курашади. Таълимдаги коррупция ҳам ўз-ўзидан барҳам топади. Чунки нодавлат таълим муассасалари ўз обрўси учун курашар экан, бундай ҳолатларга йўл қўймасликка уринади.

Буни ўз вақтида англаб, тегишли ислоҳотлар амалга оширилаётгани кишига анча таскин беради. Акс ҳолда, йўқотилган авлод вакиллари кўпайишда давом этиши кундек равшан эди. Давлат хусусий мактабларни кўпайтириш сиёсатини бошлаган экан, мамлакат келажаги учун энг тўғри инвестиция киритилди, деб айта оламиз.

Зиёдбек Исмоилов,
журналист.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламайди.

Мавзуга оид