Европа иттифоқи Беларусни «иккинчи Украина»га айлантирмоқчи эмас - Жозеп Боррель
Европа иттифоқи 9 августдан бери президентга қарши норозилик намойишлари давом этаётган Беларусни “иккинчи Украинага” айлантирмоқчи эмас. Бу ҳақда Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель El Pais нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, Беларусдаги инқироз Украинада Евромайдан вақтидаги вазиятга ўхшамайди. Украинадаги норозиликлар геосиёсий кўринишга эга бўлган, чунки украиналиклар Европа иттифоқи байроқлари остида Европа ва Россия ўртасида танлов қилишган. Боррелнинг тушунтиришича, беларуслар ҳозирда “она ёки ота билан бўлиш учун” курашмаяптилар, шунчаки фуқаролик эркинликлари ва ҳуқуқларини талаб қилишмоқда.
“Беларусдаги вазиятни Украинадаги билан қиёслаб бўлмайди. Беларуслар “она ёки ота”, деб баҳслашишмаяпти. Улар фуқаролик эркинликлари ва ҳуқуқларини талаб қилишмоқда. Европа иттифоқи ҳам Беларусни иккинчи Украинага айлантирмоқчи эмас. Европа ва Россия ўртасидаги ўша кескинлик олов, зўравонлик ва Украина ҳудудининг парчаланиши билан тугади. Беларуслар учун бугунги кундаги муаммо Россия ва Европа ўртасида танлаш эмас, балки Европа иттифоқининг асосий қадриятлари ҳисобланган эркинлик ва демократияга эришишдан иборат. Шу сабабли биз бу қадриятларни қўллаб-қувватлаймиз”, деб таъкидлаб ўтган Европа иттифоқи вакили.
Боррелнинг айтишича, Европа иттифоқи Венесуэла президенти сифатида Николас Мадурони тан олмаганидек, Александр Лукашенкони Беларуснинг қонуний президенти деб тан олмайди. “Бу нуқтайи назардан Мадуро ва Лукашенко мутлақ бир хил вазиятда. Биз улар қонуний сайланган деб тан олмаймиз”, деб қўшимча қилган сиёсатчи.
Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Беларусдаги вазиятни “украинча сценарийга” ўтказишга уринишлар бўлаётгани ҳақида таъкидлаб ўтган.
9 августда Беларусда ўтган президент сайловлари нтижаларига кўра амалдаги президент Александр Лукашенко 6-муддатга қайта сайланди. Шундан кейин мамлакатда унга қарши норозилик намойишлари бошланган ва ҳанузгача давом этмоқда. Мухолифат сайловларда ўз номзоди Светлана Тихановская ғалаба қозонган, деб ҳисобламоқда.
Таъкидланишича, 23 августда Беларусь пойтахти Минскдаги навбатдаги намойишларга 100 мингдан кўпроқ одам чиққан.
Мавзуга оид
21:09
Сайловдан кейин Америка Россия ва Украинага нисбатан сиёсатини ўзгартирадими?
15:30
Зеленский: Октябрда Украинага 2 мингдан ортиқ дрон ҳужум қилди
14:50
Жанубий Корея Украинага кузатувчилар ва таҳлилчилар гуруҳини юбориш имконини кўриб чиқмоқда
11:10