Саиджаъфар Усмонзода яна Тожикистон президентлигига номзодини қўйди
Тожикистонда кузда бўлиб ўтадиган президентлик сайловига яна бир номзод кўрсатилди. Тожикистон Демократик партияси раҳбари президентликка номзод қилиб кўрсатилди.
Тожикистон демократик партиясининг 23 август куни бўлиб ўтган фавқулодда қурултойида партия раҳбари Саиджаъфар Усмонзодани мамлакат президенти лавозимига номзод қилиб кўрсатиш қарори қабул қилинди.
Саиджаъфар Усмонзода президент сайловларида иккинчи марта номзод сифатида кўрсатилмоқда. У 2013 йилда бўлиб ўтган сайловларда ҳам президентликка ўз номзодини қўйган эди. Ўшанда унга сайловчиларнинг атиги 1,02 фоизи овоз берган.
2015 ва 2020 йиллардаги парламент сайловларида Усмонзода Олий Мажлис депутати этиб сайланган.
Бугунгача Тожикистоннинг 7 та сиёсий партиясидан 3 таси президентликка ўз номзодини илгари сурди. Булар Аграр партия раҳбари Рустам Латифзода, Социалистик партия раҳбари Абдуҳалим Ғаффоров ва Демократик партия раҳбари Саиджаъфар Усмонзода. Рустам Латифзода биринчи марта ўз номзодини қўяётган бўлса, Абдуҳалим Ғаффоров учинчи марта президентлик учун ўз номзодини қўймоқда.
Тожикистондаги яна иккита партия – Коммунистик партия ва Тожикистон Халқ демократик партияси ўз номзодларини сентябрь ойи бошида кўрсатиши кутилмоқда. Тожикистоннинг ягона мухолиф партияси бўлган Социал-демократик партияси эса президентликка номзод кўрсатиладиган қурултой ўтказадиган кунни эълон қилмади.
Тожикистонда президентлик сайловлари 11 октябрь куни бўлиб ўтади. Сайловларда амалдаги президент Имомали Раҳмоннинг имконияти юқори деб қаралмоқда. Шунингдек, унинг ўғли ва айни дамда Душанбе ҳокими Рустам Имомали ҳам президентликка ўз номзодини кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда.
Мавзуга оид
13:32 / 04.07.2024
Тожикистондаги ЙТҲда уч ўзбекистонлик ҳалок бўлди
10:41 / 29.06.2024
Сурхондарё ва Фарғонада Тожикистондан олиб келинган 25 кгдан ортиқ гашиш мусодара қилинди
19:09 / 24.06.2024
Тожикистонда тўй ва дафн маросимларини ўтказиш қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори оширилди
19:01 / 22.06.2024