Жамият | 14:40 / 24.08.2020
11033
3 дақиқада ўқилади

Сурункали тонзиллит мавжуд бўлганда коронавирусга чалиниш хавфи юқори – штаб аъзоси

Сурункали тонзиллит мавжуд бўлган бемор учун коронавирус билан касалланиш хавфи юқори ҳисобланади. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

«Сурункали тонзиллит – юқори нафас йўлининг касаллиги ҳисобланиб, танглай муртакларининг узоқ вақт давомида яллиғланиши билан кечади. Сурункали тонзиллит ривожланишига ўткир тонзиллит самарасиз ёки охиригача даволанмаслиги сабаб бўлади.

Касаллик қўзғатувчилари – асосан бактерия ва вируслар. Улар пасайган иммунитет фонида танглайда кўпаяди.

Сурункали тонзиллитнинг яна бир кўп учровчи сабабларидан бири – тиш ва милк касалликларидир. Шунинг учун тиш тозалиги гигиенасига амал қилиш, ўз вақтида кариесга чалинган тишларни даволаш лозим. 

Бундан ташқари, сурункали тонзиллит пайдо бўлишига бурун ва бурун олди бўшлиқларидаги инфекция ўчоқлари – сурункали ринитлар, синуситлар, полиплар ва ҳатто вақти-вақти билан юзага келувчи аллергик тумов ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Сурункали тонзиллит мавжуд бўлганда коронавирус билан касалланиш хавфи юқори. Шу сабабли, ушбу касаллик мавжуд бўлган кишиларга ниқоб тақиш, оғиз бўшлиғини чайқаш ва инфекция ўчоқларини санация қилиш мақсадида ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади», деди Наргиза Нуруллаева ёшлигида тонзилит ташхиси қўйилган одам учун коронавирусга чалиниши қанчалик хавфли экани ҳақидаги саволга жавобан.

Брифинг давомида 5 ёшгача бўлган болаларнинг тиббий ниқобда юришига зарурат йўқлиги маълум қилинган. Клиник тавсияномаларда «5 ёш ва ундан кичик ёшдаги болалардан ниқоб тақиб юриш талаб этилмайди. Бу боланинг хавфсизлиги ва умумий қизиқишлари, бундан ташқари ниқобни тегишли тартибда тақиш имкониятларига асосланади», деб кўрсатилган.

«Истисно тариқасида онкологик касалликлари мавжуд бўлган, иммунодепрессив ҳолатдаги ёки доимий COVID-19 мавжуд бўлган беморлар билан контактда бўладиган болаларга ниқоб тақиш тавсия этилади», деган штаб аъзоси.

ЖССТ ва ЮНИСЕФ тавсияномаларига кўра, агар бола 6 ёшдан 11 ёшгача бўлса, ниқоб тақишда бир қатор омилларни ҳисобга олиш лозим:

  • боланинг яшаш жойида вируснинг тарқалганлик даражасини;
  • бола ниқобдан тўғри ва хавфсиз фойдалана олиш имкониятларини назардан четда қолдирмаслик зарур;
  • бундан ташқари, мутахассислар атрофдаги катталар томонидан бола ҳимоя ниқоблари билан таъминлангани, ниқобларни алмаштириш ва ювишни назорат қилишни тавсия қилишади.

12 ёш ва ундан катта ёшдаги болаларга ниқобларни катталар каби тақиш тавсия қилинади.

Мавзуга оид