Ўзбекистон | 23:27 / 24.08.2020
15965
4 дақиқада ўқилади

Турдимов: «Мактаблар сентябрь ойининг иккинчи ярмидан очилиши мумкин»

Самарқанд вилоятида эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда нутқ сўзлаган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов фуқароларга мурожаат қилди.

Фото: Самарқанд вилоят ҳокимлиги

У ўз мурожаатида бу йил халқимизнинг энг азиз байрами бўлган мустақиллик байрами коронавирус пандемияси тарқалиши хавфи туфайли сайлгоҳларда, майдонларда эмас, хонадонларда нишонланишини билдирди.

«Бу йил вазиятни ҳамма кўриб турибди. Шу учун халқимизни энг азиз байрамини сайлгоҳларда, майдонларда эмас, хонадонларда, оила аъзоларингиз билан нишонлашга чақирамиз. Ватанимизнинг энг улуғ байрамини муносиб меҳнат ютуқларини қўлга киритиш билан нишонлайлик», деди у.

Шунингдек, вилоят ҳокими бу йил ОТМга кириш имтиҳонлари учун Самарқанд шаҳридаги тўртта ўйингоҳ тайёрлаб қўйилгани, уларда санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда имтиҳонлар ўтказилиши ҳақида маълумот берди.

Турдимовнинг сўзларига кўра, Самарқанд шаҳридаги имтиҳонлар темирйўл ҳудудидаги «Локомотив», Сартепа мавзесидаги 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги стадион, Кимёгарлар шаҳарчасидаги «Нурафшон» стадиони ва эшкак эшиш турлари бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия заҳиралари мактабидаги махсус жойда бўлиб ўтади. Уларда 131 349 нафар абитуриент имтиҳон топширади.

Вилоят ҳокими тест топширадиган абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинларига мурожаат қилиб, тест ўтказиладиган куни фарзандини кузатиб, тест ўтадиган ҳудудга имкон қадар келмасликни сўради.

Вилоят ҳокимининг сўзларига кўра, узоқ ҳудуддан келиб эрталаб имтиҳон топширувчи абитуриентлар кечикмаслиги учун бир кун олдин келиб ОТМ ётоқхоналарига жойлашиши ва бир кеча ўша ерда қолиб, эртаси куни имтиҳонга кечикмасдан бориши мумкин бўлади.

Шунингдек, имтиҳонни кечки пайтда топширадиган абитуриентлар ҳам имтиҳондан сўнг ётоқхонада бир кеча қолиб, эртаси куни эрталаб уйларига қайтса бўлади.

Эркинжон Турдимов таълим муассасалари раҳбарига мурожаат қилиб, сентябрь ойининг иккинчи ярмида мактабларда таълим жараёнини бошлаш ишлари ўрганилаётгани ҳақида гапирди ва мабодо таълим жараёнлари бошланадиган бўлса, вилоятдаги барча мактабларда санитария қоидаларига мос жиҳозларни тайёрлаб қўйиш лозимлигини айтди.

«Бу ишлар ўқитувчиларни жалб қилмай сектор раҳбарлари, туман ҳокимлари, молия мудирлари ва халқ таълими бўлимлари қошида ташкил этилган эксплуатация хизмати бўлимининг ходимлари билан биргаликда, шунингдек, мактабдаги хўжалик мудирлари билан биргаликда амалга оширилиши керак. Барчаси вилоят ҳокимлиги назоратида туради. Агарда бирор бир жойда ўқитувчиларга тайзиқ ўтказиб, уларга бу ишлар юклатиладиган бўлса, бундай раҳбар-ходимларга нисбатан, хоҳ у ҳоким, хоҳ сектор раҳбари бўлсин, қонунда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилишини алоҳида билдираман», деди вилоят ҳокими.

Бундан ташқари вилоят ҳокими мактабларда қишки иситиш мавсумигача бирорта мактабда «буржуйка печлари» қолмаслигини ва улар замонавий иситиш тизимлари билан жиҳозланиши лозимлигини билдирди.

Шундан сўнг, Турдимов вилоятда коронавирус билан боғлиқ ишларга тўхталиб ўтди. Маълум бўлишича, вилоятга Германиядан ўн нафар шифокор келади. Улар вилоят шифокорлари билан биргаликда беморларни даволашда иштирок этади.

Мавзуга оид