21:03 / 25.08.2020
2890

“Формула-1” пойгалари тақвимига 4 та босқич қўшилди 

“Формула-1” пойгаларининг раҳбарияти жорий мавсумда Хитой босқичини бекор қилиб, пойгалар тақвимига яна 4 та босқич киритишга қарор қилди. Бу ҳақда пойгаларнинг расмий сайтида маълум қилинган.

Фото: Formula1.com

Февралда ўтиши керак бўлган Хитой гран-приси номаълум муддатга қолдирилганди, июлда эса Хитойнинг спорт бош бошқармаси мамлакатда барча мусобақалар ўтказилишини бекор қилган.

Шу билан бирга, пойгалар тақвими 13 та босқичдан 17 тагача кенгайтирилди. Жорий мавсумда 9 йиллик танаффусдан кейин яна Туркия гран-приси бўлиб ўтади. Шунингдек, Баҳрайнда 2 та босқич ўтказилади. Пойгаларнинг сўнгги босқичи эса Абу-Дабида бўлиб ўтади. 

Туркия охирги марта пойгаларни 9 йил аввал қабул қилган. Туркия босқичи Истанбул-парк автодромида бўлиб ўтади.

“Формула-1”нинг қолган пойгалари қуйидаги тартибда ўтказилади: 

  • 30 август – Бельгия гран-приси
  • 6 сентябрь – Италия гран-приси
  • 13 сентябрь – Тоскана гран-приси
  • 27 сентябрь – Сочидаги Россия гран-приси
  • 11 октябрь – Нюрбургринг гран-приси
  • 25 октябрь – Португалия гран-приси
  • 1 ноябрь - Эмилия-Романья гран-приси
  • 15 ноябрь – Туркия гран-приси
  • 29 ноябрь – Баҳрайн гран-приси
  • 6 декабрь – Баҳрайнда Соҳир гран-приси
  • 13 декабрь - Абу-Даби гран-приси

Айни вақтда чемпионатда 6 та босқич ўтказиб бўлинди. Пойгаларда Mercedes жамоаси аъзоси, амалдаги чемпион Льюис Ҳэмилтон 132 очко билан пешқадамлик қилмоқда.

Анъанага кўра, март ойида старт олувчи пойгалар жорий йилда пандемия сабабли июлдагина бошланди. Бундан ташқари, баъзи босқичлар бекор қилинган, бошқалари эса кечроқ муддатга кўчирилган. Дастлабки тақвимга кўра, жорий мавсумда жами 21 та босқич ўтказиш режалаштирилганди.

Top