Ўзбекистон | 19:39 / 25.08.2020
6414
2 дақиқада ўқилади

Имконият бўлганда дарсларни очиқ ҳавода ўтказиш тавсия қилинмоқда – Халқ таълими вазири

Ўқув йили бошланса, имкониятга қараб қайсидир дарс машғулотларини очиқ ҳавода ўтказиш бўйича тавсиялар берилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактабларда янги ўқув йилини бошлаш масаласига бағишланган матбуот анжуманида маълумот берди.

«Мактабларда санитария-эпидемиология талабларини имкон борича жойларда татбиқ этишга ҳаракат қиламиз. Ҳаётда ўзига яраша қийинчиликларимиз бор.

Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги мактабларнинг 60 фоизида болалар 2-сменада ўқийди. Буни яширишнинг кераги йўқ. Мактаблар қурилиши билан бу ҳолат яхшиланишига ҳаракат қилинмоқда.

Биз гибрид сценарийсини танлаётганимизнинг яна бир сабаби бу ижтимоий масофа сақлаш имконига эга бўлишга ёрдам бериши мумкин. Масалан, хоҳлаган ота-оналар болаларини мактабга юборса, синфда болалар жуда кўп бўлмайди. Лекин барибир мактабдан қайтишда болалар ижтимоий масофа сақлашини ҳеч ким назорат қила олмайди», деди вазир.

Дарсни имкон борича 45 дақиқа қилиб сақлаб қолиш режалаштиргани, лекин қайсидир фанларда дарс давомийлиги қисқариши ҳам мумкинлиги қайд этиб ўтилган.

«Жисмоний тарбия, мусиқа каби керакли асбобларни ушлаш керак бўладиган фанларни пандемия шароитида ўқитиш масаласи турли давлатларда турлича ҳал қилинмоқда. Биз бу фанларни имкон қадар ўқув дастурида сақлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз.

Бундан ташқари, қайси дарс машғулотини очиқ ҳавода ўтказишнинг имкони бўлса, дарсларни очиқ ҳавода ўтказиш бўйича тавсиялар берилган. Мактабларга тана ҳароратини ўлчовчи асбоблар ҳар ойда етарлича антисептик воситалар марказлашган тарзда берилади. Лекин тиббий ниқобни болалар ўзлари билан олиб келишларига тўғри келади», дея маълумот берди Шерзод Шерматов.

Таъкидланишича, телевизион дарслар орқали ўқийдиган болалар ҳам уйга вазифаларини доимий тарзда ўқитувчига топшириб боради. Бунинг учун вазирлик томонидан Kundalik.com платформаси ишлаб чиқилган. Ўтган ўқув йилида бу платформа Тошкент шаҳрида синовдан ўтказилди, унинг имкониятлари кенгайтирилиши учун ҳаракат қилинмоқда. Телевизион дарслар орқали ўқиётган болалар бу платформа орқали уйга вазифаларини топширади.

Мавзуга оид