11:32 / 25.08.2020
41804

Сўхдаги тартибсизликлардан сўнг 6 нафар шахс қамоққа олинди - Бош прокуратура 

Тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 219 ва 244-моддалари билан айб эълон қилиниб, уларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жорий йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани, Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси Баткен области, Кадамжай тумани, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Чашма” булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берган.

Бош прокуратура расмий баёнотида айтилишича, ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган. 

Мазкур ҳолат бўйича 2020 йил 1 июнь куни Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 219 ва 244-моддалари билан айб эълон қилиниб, уларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Top