Тошкентда Россия университетлари филиалларига кириш имтиҳонлари бошланди
24 август куни Тошкентдаги Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетига кириш учун илк имтиҳон жараёнлари бошланди. Имтиҳонлар 24-26-28 август кунлари учта фан: математика, кимё ва рус тилидан бўлиб ўтади. Таъкидланишича, кириш синовларини ташкил этиш ва ўтказишга “Ўзкимёсаноат” АЖнинг 33 ходими жалб этилган. Умуман кириш имтиҳонлари 24-29 август кунлари бўлиб ўтади.
Имтиҳонлар санитария-гигиена қоидаларига ва ижтимоий масофани сақлаш қоидасига риоя қилинган ҳолда очиқ ҳавода ўтказилмоқда. Имтиҳонга киришдан олдин ҳар бир абитуриентнинг ҳарорати текширилиши йўлга қўйилди. Шу билан бирга, айрим сабабларга кўра, кириш имтиҳонларида қатнаша олмаган абитуриентлар учун ўтказиб юборилган имтиҳонни қайта топширишлари мумкин. Бунинг учун улар асосли сабабни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишлари талаб этилади.
Абитуриентлар бир марталик тиббий ниқоб, қўлқоп, бош кийим, ручка, сув ва бир марталик стаканлар билан таъминланди. Кимё фани бўйича имтиҳонда Д.И.Менделеевнинг даврий жадвали ва ҳисоблагич тарқатилди. Қайд этиш лозим, имтиҳонларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги техник кўмак бериб, имтиҳонларнинг онлайн транслациясини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатди.
Д. И. Менделеев номидаги РКТУ Тошкент филиалига 2020-2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари қуйидаги манзилда ўтказилмоқда:
Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Университет кўчаси 4, 5.
(Талабалар шаҳарчаси майдони, Беруний метро бекатидан Ўзбекистон Миллий университетига чиқиш томон).
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги ПҚ-4352-сонли қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрида 2019-2020 ўқув йилидан Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг филиали фаолият кўрсатишни бошлаган эди.
24 августдан эътиборан, шунингдек, Тошкент «ММФИ» Миллий тадкиқот ядро университети филиалига кириш имтиҳонлари ташкил этила бошланди. Тошкентдаги “Москва муҳандислик-физика институти” МТЯУ ўз фаолиятини 2019 йилнинг 3 сентябр куни Ўзбекистоннинг келажакдаги атом электр станциясига кадрлар тайёрлаш дастури доирасида биринчи курсга 100 бошлаган эди.
Мазкур йилда карантин талабларига мувофиқ ҳолда ўқишга ҳужжатларни қабул қилиш масофадан амалга оширилди. Абитуриентларнинг ҳужжатлари жорий йилнинг 1 августигача олий ўқув юртининг сайти орқали "Ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси", "Ядро физикаси ва технологиялар", "Иссиқлик энергияси ва иссиқлик физикаси", "Электр энергетикаси ва электротехника" йўналишларига бакалавриат мутахассисликлари бўйича қабул амалга оширилди. Бу йил қабул комиссияси томонидан 731 та абитуриент ҳужжати қабул қилинди.
Имтиҳонлар Ўзбекистон Миллий Университет ҳудудида, талабалар шаҳарчаси майдонида 24 августдан 29 августгача бўлиб ўтади. Талабалар математика, физика ва рус тили фанларидан имтиҳон топширадилар. Ҳар бир имтиҳон ёзма равишда олиниб, билимлар савияси 100 балли мезонда баҳоланади. Шу жумладан, ҳар бир имтиҳонда 40 баллик қуйи чегара қўйилган бўлиб, ундан паст балл олган абитуриентлар кейинги имтиҳонга қўйилмайди ва танловда ҳам қатнашмайди. Кириш имтиҳони натижалари ОЎЮ сайтида эълон қилиб борилади.
Энг кўп балл олган юз нафар талаба ММФИ МТЯУ Тошкент шаҳри филиалида давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Узрли сабабларга кўра, имтиҳонларнинг биттасига кела олмаган абитуриент (кириш имтиҳонига келолмаганлигининг асосли сабаблари бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этган ҳолда) захира куни (29 август) имтиҳон топшириш имкониятига эга. Захира куни фақат битта имтиҳон топширилади.
ММФИ МТЯУ Тошкент шаҳри филиали ҳақида. МТЯУ муҳандислик-физика мутахассисларини тайёрлаш бўйича дунёнинг энг салоҳиятли университетларидан бири ҳисобланади. Дунёнинг энг кучли 100 университети қаторидан жой олган, BRICS университетлари рейтингида 30-ўринда, Евро Осиё университетлари рейтинги бўйича эса 8-ўрин ва талабаларнинг баҳолаши бўйича Россиянинг муҳандислик Олий ўқув юртлари орасида 1-ўринни эгаллаб келади. ММФИ МТЯУ Тошкент шаҳридаги филиали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 20 июль ПҚ-3875 сонли қарори билан ташкил топган.
ММФИ МТЯУ Тошкент шаҳри филиалида дарслар Москва шаҳридаги бош университетнинг ўқув дастури бўйича олиб борилади. Ўқув жараёнига Россия ва Ўзбекистоннинг энг малакали профессор ўқитувчилари жалб қилинган. Филиал битирувчилари Ўзбекистон Республикасида тан олинган ва республиканинг атом соҳасида иш билан таъминланиш кафолатини берувчи ММФИ МТЯУ намунасидаги олий таълим дипломини оладилар.
“Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати
Мавзуга оид
14:24 / 06.11.2024
“Нега устимиздан кулишяпти?” – физика ўқитувчилари аттестация имтиҳонидан норози
16:48 / 04.11.2024
Россияда мигрантлар учун имтиҳонларнинг ягона нархлари белгиланади
17:32 / 08.08.2024
Давлат имтиҳонларида қанча абитуриент 189 ва ундан юқори балл олгани маълум қилинди
18:54 / 01.08.2024