Жамият | 13:06 / 25.08.2020
28109
3 дақиқада ўқилади

Зоминда калтакланган шифокор: «Бизни ҳимоя қиладиган қонунлар ва тизим бўлишини истардим»

24 август куни ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Зомин тумани тез тиббий ёрдам бўлими навбатчи фелдшери Э.И. қаттиқ калтакланганига оид хабарлар тарқалди.

25 август куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳодиса юзасидан ўрганиш натижаларини маълум қилди.

Унга кўра, 23 август куни тез ёрдам ходими чақирув бўйича етиб борган хонадонда беморнинг биологик ўлими қайд этилгач, марҳумнинг яқинлари уни калтаклашган.

Фельдшер Э.И. зудлик билан туман тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимига олиб келинган вақтда у карахт ҳолда кўнгли айниб, қайд қилиши кузатилган. Бемор тиббий текширувлардан ўтказилиб, шошилинч хирургия бўлимига ётқизилган.

Унга ёпиқ бош мия чайқалиши, бўйин соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, тери ости гематомаси ташхиси қўйилган. Айни пайтда беморга шифокорлар томонидан зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан Зомин тумани ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани, фельдшерга етказилган тан жароҳатларининг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экпертизаси тайинлангани ҳақида маълум қилди. Текшириш олиб борилиши устидан Жиззах вилояти прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.

Kun.uz мухбири Зомин туман тез ёрдам бўлими билан боғланиб, калтакланган шифокорнинг ҳолати ва воқеага ўзининг муносабати билан қизиқди.

«Очиғи, Э.И бўлимимиздаги билимли ва фидойи шифокорларлардан бири ҳисобланади. Коронавирус пандемияси даврида ушбу касалликка қарши курашиш учун биринчилардан бўлиб жалб қилинган. Тез ёрдам бўлимининг махсус бригадасида фаолият олиб боради.

Айни вақтда унинг ҳолати қониқарли, оғриқлар кетиб, ўзини яхши ҳис қила бошлаяпти. Аммо шунча воқеа бўлишига қарамай, шифокорга азият етказган томондан ҳеч ким келиб унинг ҳолидан хабар олмади, узр ҳам сўрамади», дейди Зомин тумани тез тиббий ёрдам бўлими масъул ходими.

Жабрланувчи Э.И. ҳам вазият юзасидан муносабат билдирган.

«Менга орқа томондан зарба беришди. Тушунаман, яқинини йўқотган одам жаҳлга берилиши, ўзини тута олмаслиги мумкин. Аммо ўша вақтда шифокорга қўлига илинган бирор хавфлироқ жисм билан ҳам зарар етказиши мумкин эди.

Ҳаммамиз ҳам инсонмиз, ақли бор шифокор кимгадир зарар етказиш учун бормайди ёки оғир ҳолатдаги одамга шунчаки қараб турмайди. Буни юртдошларимиз ҳам тушунишлари керак. Очиғи, шифокорлар бошқа калтакланмаслиги ва уларни ҳимоя қиладиган қонунлар ҳамда тизим бўлишини истардим», дейди у.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид