Ўзбекистон | 15:28 / 26.08.2020
14888
3 дақиқада ўқилади

COVID-19’га чалинган беморлардаги иммун жавоб такрор касалланишдан ҳимоя қилади – штаб аъзоси

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова иштирокида АОКАда брифинг ўтказилди.

Фото: ТАСС

Унда фуқаронинг COVID-19’дан тузалган кишида иммунитет шаклланадими ёки касалликни бир неча марта юқтириши мумкинми, агар иммунитет пасайиб кетса, вакцина ишлаб чиқаришда бу таъсир кўрсатадими, дея берилган саволига жавоб қайтарилди.

«COVID-19 янги касаллик бўлганлиги боис бу борада аниқ жавоб йўқ. Саволга жавоб бериш учун қўшимча тадқиқотлар зарур, айниқса бир кишида касаллик кечиши вақти ва антитаначалар жавобини, хусусан, Т-ҳужайра реакциясини ўрганиш лозим. Ҳозирча бизга аён бўлишича, COVID-19`га чалинган беморларда маълум даражада иммун жавоби шаклланган бўлиб, у такрор касалланишдан ҳимоя қилади.

Лекин бу иммун жавоб қай даражада сақланиши ва қанча вақт давом этиши бизга маълум эмас. Аввалги коронавирус инфекцияларини (SARS, MERS) даволаш тажрибалари, шунингдек, Европа давлатларида олиб борилган тадқиқотлардаги маълумотлар вақт ўтиши билан иммунитет пасайишини кўрсатади.

Яқин вақтларда ўтказилган тадқиқотга кўра, иммун жавоб пасайиши даври — 75 кунни ташкил этади. Лекин бу — вакцина таъсир кўрсатмаслигини англатмайди. Чунки эмлашдан сўнг организмда инфекцияга қарши қандай курашишни эслатувчи "хотира ҳужайралари" ишлаб чиқарилади.

Бу ҳужайралар бош мия суякларида яшайди ва танага инфекция юқиши жараёнида фаоллашади», - деди Барно Абдусаматова саволга жавобан.

Шунингдек, коронавирусдан ҳимояланиш усуллари ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Бутун дунёдаги олимлар ва шифокорларнинг тавсиялари бир хил. Буни ёдда қолдириш жуда осон. Коронавирусни назорат қилиш қийин эмас.

Ундан ҳимоялашнинг 3 та энг муҳим усули мавжуд:

  • қўлларни доимо совунлаб ювиш;
  • ниқоб тақиш;
  • оралиқ масофани сақлаш (2 метр). Буни фан исботлаган.

Тиббий ниқобни ҳар 2 соатда алмаштириш керак, ниқоб тақилса — вирус 80 фоиз назорат қилинади.

Шу 3 та тавсияга қунт билан амал қилинса, вирус организмга тушган тақдирда ҳам, юкламаси камаяди ва касаллик енгил кечади. Буни эса нисбатан даволаш осон», - деди штаб аъзоси.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид