Жамият | 13:38 / 26.08.2020
5030
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда 5 йиллик алимент қарзини тўламасдан қочиб юрган фуқаро ушланди - МИБ

2015 йилдан буён бир нафар вояга етмаган фарзандига алимент тўламасдан қочиб юрган фуқаро ушланди. Унинг 26 миллион 458,6 минг сўм қарзи бўлган. Бу ҳақида Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 2013 йил 13 декабрдаги буйруғига асосан, Қўқон шаҳар, Шалдирамоқ кўчасида яшовчи А.Д.дан бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундирилиши белгиланган. Бироқ у 2015 йил март ойида алимент тўлашни тўхтатиб, яширинган.

Мажбурий ижро бюроси Қўқон шаҳар бўлими томонидан қарздор А.Д. муқаддам яшаган хонадон бир неча маротаба ўрганилган, лекин алимент тўловчини топиш имкони бўлмаган.

Маълум бўлишича, А.Д. Тошкент шаҳрига ишлаш мақсадида кетиб ўша ерда қолиб кетган, бироқ у Тошкентда карантин қоидалари кучайтирилгач, Қўқонга қайтишга мажбур бўлган.

«20 август куни А.Д. рўйхатдан ўтган манзилда қўлга олинди, унга 5 йилдан ортиқ муддат давомида тўланмасдан келинган жами 26 миллион 458,6 минг сўм алимент пулини тўлаш таклифи берилган, бироқ фуқаро буни рад этган. Ва унга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари Фурқат туман маъмурий судига юборилди.

Суд А.Д.га 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади. Қарздорнинг зиммасидаги қарзларни ундириш чоралари ҳам кўрилади», дейилади МИБ хабарида. 

Мавзуга оид