Ўзбекистон | 16:11 / 26.08.2020
62946
10 дақиқада ўқилади

Россия ва бошқалар: ўзбек муҳожирлари йўл олаётган бешта асосий манзил

2019 йил якунлари бўйича дунё бўйлаб 270-300 миллион нафарга яқин муҳожирлар борлиги ҳисоб-китоб қилинган. БМТ маълумотларига қараганда, уларнинг сони 1990 йилда 120 млн киши бўлган бўлса, ҳозир 2000 йилга нисбатан, яъни нотўлиқ йигирма йил ичида 50 фоизга ортган.

Фото: РИА Новости

Яна бошқа ҳисоб-китобларга кўра, дунё аҳолиси орасида муҳожирлар улуши барқарор тарзда, камида 3 фоиз миқдорда сақланиб турибди. Ривожланаётган давлатлар умумий аҳолиси орасида уларнинг сони 2 фоиз атрофида бўлса, ривожланган давлатларда бу кўрсаткич ўртача 7-12 фоизга етади.

21-асрга келиб миграция янги босқичга чиқди. Олдин юз минг ёки миллионларни қамраган бу ижтимоий жараён бугунги кунга келиб юзлаб миллион инсонлар ҳаётига дахлдор бўлиб қолди. Ушбу мақолада Ўзбекистондаги миграция жараёнлари ҳақида сўз юритамиз.

Меҳнат миграцияси – меҳнатга лаёқатли инсонларнинг юқори даромадли иш илинжида бир давлат ичида ёки давлатлараро кўчиши ҳисобланади. Бу кучли иқтисодий омил бўлиб, бир тарафдан ишчиларга бўлган талабни қондирса, иккинчи тарафдан ишсизлик муаммоси оғир ҳудудлардаги тарангликни юмшатишга хизмат қилади.

Ўзбекистон ҳам четга муҳожирларни йўллаш бўйича етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Аҳолининг собиқ иттифоқ давлатлари орасида ҳам, дунё давлатлари орасида ҳам ўсиш даражаси бўйича етакчи ўринларда бориши ва меҳнат бозорининг бу даражада кенгая олмаслиги миграцияга кенг йўл очиб берди.

Ҳамюртларимиз энг кўп йўл олувчи давлатлар бешлиги қуйидагича:

1. Россия

2. Қозоғистон

3. Туркия

4. Жанубий Корея

5. АҚШ

Хориждаги меҳнат муҳожирлари томонидан йўлланган маблағларнинг 90 фоизидан ортиғи айнан мана шу давлатларга йўл олган юртдошларимиз ҳиссасига тўғри келади.

Россия

Пандемия шубҳасиз ўз таъсирини ўтказди. Кўп йиллар давомида фуқаролари сони бўйича етакчи бўлган Ўзбекистон муҳожирлар сони бўйича ҳозир Россияда иккинчи ўринда бормоқда. Биринчиликка украиналиклар чиққан. Аммо бу ерда пандемиядан ташқари яна бир нозик жиҳатни ҳисобга олиш лозим. Сўнгги йилларда Россия қонунчилиги мигрантлар учун қаттиқ талабларни қўяётгани, айниқса, Марказий Осиё давлатлари муҳожирларидан ҳаддан ташқари кўп ҳужжатлар талаб қилинаётгани боис кўпчилик ноқонуний (нолегал) мақомга тушиб қолмоқда ва табиийки, бу рўйхатдан чиқиб кетмоқда. Уларнинг аниқ сонини аниқлаш эса жуда мушкул. Шунингдек, кўплаб ўзбекистонликлар Россия паспортини олишга улгуриб, аллақачон муҳожирлик мақомидан чиқишган.

Ўзбекистондан Россияга йўналган миграция оқимининг ўзига хос жиҳати шундаки, бу йўналишдаги мигрантларнинг кўпчилиги номутахассислар, яъни ўз соҳасида ишламайдиган, мураккаб бўлмаган, кам ҳақ тўланувчи ҳар қандай ишни қилиб кетаверадиганлар, одатда қурилишда ишлайдиганлардан иборат. Лекин охирги йиллар тенденциясига эътибор қилинадиган бўлса, Россияга йўл олган ёки мунтазам бориб келаётган ишчиларнинг малакаси ошиб бормоқда ва улар энди тобора кўпроқ ҳақ тўланувчи ва нуфузлироқ иш ўринларини ҳам эгаллашмоқда. Ҳозир такси ҳайдовчилари, дўконлардаги сотувчилар, турли-туман жиҳозлар усталари, меҳмонхона хизматчилари, ошхона ва ресторанларда ишловчи ўзбеклар талайгина.

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан мигрантларни касбга ўргатиш бўйича дастурлар қабул қилинмоқда. Мақсад аниқ, асосан Россия бозорида муносиб ўрин эгаллаш.

Россияга йўналган миграциянинг ўзига хос ва асосий жиҳати, албатта, меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга жўнатган пул миқдоридир. Бу миқдор ҳам ҳар йили Россия иқтисодига мутаносиб равишда ўзгариб туради. Бу борадаги рекорд кўрсаткич 2012–2013-йилларга тўғри келади. Ўша йиллари ўзбекистонлик муҳожирлар Россиядан ватанига бир йилда 6,7 млрд АҚШ доллари жўнатишга муваффақ бўлган.

Кейинчалик бу маблағ камая бошлади. Бунинг бир неча сабаблари бор эди: Қрим воқеасидан сўнг Россияга қарши санкциялар қўлланди, АҚШ долларининг қиймати аввал Россияда, кейинчалик МДҲ давлатларида анча ошди, Россия муҳожирларга меҳнат қилиш ҳуқуқини беришда талаб қилинувчи ҳужжатларни кескин кўпайтирди, ўзбек муҳожирлари ҳам юқоридаги муаммолар туфайли бошқа йўналишларни танлай бошладилар.

Шундай бўлса-да, умумий ўтказмалар ичида Россия улуши ҳамон жуда улкан. 2018 йилда бу кўрсаткич 4 млрд долларга етган бўлса, 2019 йилда 4,5 млрд доллардан ортди. Яъни амалда бу давлатдаги ватандошлар ҳиссаси 75-77 фоиз атрофида.

Қозоғистон

Қўшни давлатга ўтиб ишлаш кўпчилик учун ички миграция сингари қабул қилинади. Тилдаги ва урф-одатлардаги уйғунлик, ҳудудий яқинлик, қариндошлик ришталарининг мавжудлиги ва Қозоғистон иқтисодининг кўп йиллар давомида жадал ривожлангани бу давлатга йўл олувчи муҳожирлар сонининг ҳам ортиб боришига сабаб бўлди.

Аммо сўнгги йилларда бу йўналишдаги муҳожирлар сони пасайишга қараб кетди, чунки бошқа давлатлардаги юқори маошлар олдида Қозоғистон мигрантлар олдида жозибадорлигини йўқота бошлади.

Шунга қарамай, 2019 йил якунларига кўра, жисмоний шахслар бу давлатдан Ўзбекистонга 350 млн доллардан кўпроқ маблағ ўтказган.

АҚШ

Жаҳоннинг энг ривожланган ва бадавлат давлатига йўл олган ўзбекистонликлар сони совет иттифоқи тарқалганидан кейин кескин ошган. Аммо кейинчалик виза олиш йилдан йилга мураккаблашиб бориши ўзига хос тескари эффектни юзага келтирган – амаллаб виза олган ўзбекистонлик муҳожир дарҳол нолегал ҳолатга ўтади ва йиллар давомида қайтиш ҳақида ўйламайди.

Улар жўнатаётган маблағ миқдори ҳам бошқа давлатлардаги меҳнат муҳожирлариникидан анча юқори. Шу билан бирга, АҚШда яшаётган ватандошлар сони бўйича ҳам аниқ статистика йўқ. Айрим маълумотларга кўра, бу рақам бир неча юз мингни ташкил этади. Аммо уларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари эмас.

Шунингдек, бу давлатга ўз касбининг усталари, тилни билувчи ва технологик соҳаларда муваффақият қозонган, бир сўз билан айтганда ёш ва истиқболли мутахассислар ҳам йўл олмоқдаки, дунёни ташвишга солаётган ва Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаётган малакали мутахассисларнинг четга чиқиб кетиши (интеллектуал миграция) масаласи алоҳида бир мақолага мавзу бўла олади.

2019 йилда Америкадан Ўзбекистонга пул ўтказмалари орқали 220 млн доллар кириб келган.

Туркия

Бу мамлакатни кўпчилик ҳордиқ чиқариш ва харидлар учун қулай давлат ҳисоблайди. Аммо бу бир тарафлама қараш. Миграция нуқтайи назаридан Туркия – тилдаги ўхшашликлар, виза талаб қилинмаслиги, ўзбек диаспорасининг кўп сонлилиги, иқлими ва энг муҳими – тўланадиган ҳақ миқдори бўйича ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини тобора кўпроқ ўзига жалб қилмоқда.

Аммо бу ерда ҳам ўзига хос жиҳат бор – Россия, Жанубий Корея каби давлатларга асосан эркаклар ишчи кучи сифатида йўл олса, Туркияга кўпроқ аёллар пул топиш учун боради. Албатта, аёлларнинг обрўсига путур етказувчи ишлар ҳам кўп фош этилса-да, хонадонларда хизматчилик, энагалик, официантлик, меҳмонхоналардаги оддийроқ ишларда кўплаб ўзбекистонликларни учратиш мумкин.

Ўзбекистон фуқароларининг, айнан меҳнат муҳожирларининг бу юртдаги умумий миқдори бўйича ҳам аниқ ҳисоб-китоб юритилмаган. Бунинг сабаби – кўпчилик бу давлатга сайёҳ мақомида кириб келади ва қисқа фурсатда ортга қайтади. Мавсумий ўзгаришларга хос статистикага кўра ҳам бу давлатда 200 мингдан ортиқ ўзбекистонлик мунтазам меҳнат қилади.

Бу давлатдан Ўзбекистонга расмий ўтказмалар орқали 2019 йилда 200 млн доллар атрофида маблағ кириб келган. Бу ерда ҳам ўзига хос жиҳат мавжуд – кўплаб муҳожирлар Туркиядаги жамғармаларини турли маҳсулотлар (кийим-кечак, заргарлик моллари) шаклида Ўзбекистонга олиб кирадилар ва шу ерда сотадилар.

Жанубий Корея

Сўнгги 3 йил ичида Жанубий Кореядан келадиган маблағ миқдори 3 баробарга ортгани қайд этилган. Осиёнинг жадал ривожланаётган бу давлати, кўп йиллардирки, муҳожирларни катта миқдорда қабул қилиб келади. Саноат тараққий этган Жанубий Кореяда ўзбекистонликлар сони ҳам йилдан йилга кўпайиб бормоқда.

Албатта, ҳозирча Кореядаги ватандошлар сони хитойлик (тахминан 1 млн киши ва бу давлатдаги умумий меҳнат муҳожирларининг 50 фоизидан ортиғи), таиландлик ёки вьетнамлик муҳожирларчалик эмас. Лекин барибир Жанубий Корея айнан меҳнат муҳожирлиги бўйича Ўзбекистон учун катта йўналиш бўлиб қолди. Ҳозирги кунда, расмий маълумотларга кўра, 55 мингдан ортиқ ўзбекистонлик (умумий муҳожирларнинг 3 фоизи) Кореяда меҳнат қилмоқда.

Корея яриморолига йўл олишнинг ўзига хос жиҳатлари кўп. Аввало, Корея Республикаси томони фақат малакали ишчиларни, тилни минимал даражада билишни ва меҳнат қонунчилигига қатъий риоя этишни талаб қилади. Шунингдек, фақат махсус таклиф билангина бу давлатга ишга бориш мумкин. Шунга қарамай, ўзбекистонлик муҳожирлар сабот билан бу қийинчиликларни енгиб ўтиб, бу мамлакатдаги сафларини кенгайтириб бормоқда.

2019 йилда Жанубий Кореядан Ўзбекистонга 160 млн доллар маблағ ўтказилган.

Бу беш давлат – ўзбек меҳнат муҳожирлари йўл оладиган асосий йўналишлар ҳисобланади. Лекин айни пайтда дунёнинг ҳар бир бурчагида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини учратиш мумкин. Қизиғи, бугунги кунга келиб меҳнат муҳожирларига бўлган муносабат ҳам ўзгарди. Қачондир мигрантларимизга «дангасалар ва ўз давлатида ўрнини топа олмаганлар» деган қарашлар ҳам бўлган бўлса, энди энг юқори доираларда ҳам улар фаолиятига ижобий баҳо берилмоқда.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид