Жаҳон | 09:12 / 26.08.2020
4678
2 дақиқада ўқилади

Туркияда коронавирусга чалинган сайёҳлар қаерга жойлаштирилиши маълум қилинди

Туркияда коронавирус билан касалланган сайёҳларга меҳмонхоналарда махсус хоналар ажратилади. Ушбу талабларга бўйсунмайдиган меҳмонхоналар сертификатдан маҳрум қилиниши мумкин.

Фото: Global Look Press / Katja Kreder/imageBROKER.com

Туркия туризм ва маданият вазирлиги меҳмонхоналарга талабларни кучайтирди. 24 августдан бошлаб барча меҳмонхоналар “саломатлик сертификати” бор-йўқлигидан қатъи назар, коронавирусга чалинган сайёҳлар учун хоналар ажратишлари керак бўлади

Беморлар яккаланадиган хоналар меҳмонхонадаги жами хоналар сонидан келиб чиқиб ажратилади. Жумладан, 50 та хонага эга меҳмонхоналарга бу мақсадда битта хона, 100 та хонагача эга бўлганларига 2 та хона, 200 тагача – 4 та хона, 300 тагача – 6 та хона ва 500 тадан кўпроқ хонага эга бўлган меҳмонхоналар карантин учун 10 та хона ажратишлари керак бўлади. 

Бу хоналар касалланган сайёҳларнинг бошқа сайёҳлар билан алоқаларини минималлаштириш учун бир қаватда ва алоҳида блокда жойлашган бўлиши лозим. Агар меҳмонхонада асосий хоналардан яккаланган бундай хоналарни ажратиш имкони бўлмаса, унда касалланганлар учун ажратиладиган хоналарнинг ҳар томонидан 2 тадан хона бўш қолдирилиши лозим.

Таъкидланишича, коронавирус аниқланган ва шифохонада даволаниши талаб этилмайдиган сайёҳлар изолятор-хонада яқинлари ёки бошқа ҳамроҳлари билан қолишлари мумкин. Уларга хонани тарк этиш тақиқланади.

Бемор сайёҳлар егуликлар ва ичимликлар билан таъминланади, хоналари тозалаб турилади. Бундай сайёҳларга хизмат кўрсатадиган ходимлар махсус тайёргарликдан ўтади. Бундай ходимларга меҳмонхонанинг бошқа ходимлари ва меҳмонлари билан алоқа қилиш тақиқланади. Изоляциядаги сайёҳлар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари алоҳида жойда сақланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид