Туризм | 11:00
1083
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон сайёҳлар оқими ўсиши бўйича дунё етакчилари қаторига кирди

БМТнинг Туризм ташкилоти (UN Tourism) ҳисоботига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга келган халқаро сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37 фоизга ошди. Бу кўрсаткич мамлакатни туризм соҳасида энг жадал ўсиш қайд этган давлатлар қаторига олиб чиқди.

Фото: Kun.uz

UN Tourism томонидан эълон қилинган World Tourism Barometer ҳисоботида қайд этилишича, 2026 йилнинг январь–март ойларида Ўзбекистон халқаро туристик ташрифлар ўсиши бўйича дунёдаги энг яхши натижа кўрсатган мамлакатлардан бири бўлган.

Ҳисоботга кўра, мазкур даврда энг юқори ўсиш Парагвайда 46 фоиз, Янги Каледонияда 45 фоиз ва Сальвадорда 43 фоиз бўлган. Кейинги ўринларда Мўғулистон (39 фоиз), Ўзбекистон (37 фоиз), Палау (37 фоиз), Тонга (25 фоиз), Ангилья (25 фоиз), Ирландия (24 фоиз) ва Бруней (23 фоиз) қайд этилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, жаҳон туризми 2026 йилнинг биринчи чорагида ҳам ўсишни давом эттирган. Ушбу даврда халқаро туристик сафарлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 фоизга кўпайиб, 307 миллион нафарга етган.

Мутахассислар фикрича, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, тарихий шаҳарлари ва туризм инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар мамлакатнинг халқаро сайёҳлар учун жозибадорлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид