Жаҳон | 21:20 / 27.08.2020
4403
2 дақиқада ўқилади

Alibaba Кашмирдаги баҳс сабабли Ҳиндистонга инвестицияларни тўхтатди - Reuters

Хитойнинг Alibaba компанияси Ҳиндистон стартапларига инвестициялар киритишни камида ярим йилга тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда номи келтирилмаган манбаларга таяниб Reuters ахборот агентлиги хабар берди. Уларнинг маълумотларига кўра, компаниянинг бу қарори охирги вақтда Хитой ва Ҳиндистон ўртасида Кашмирдаги ҳудудий баҳс кескинлашгани билан боғланган. 

Фото: Bloomberg

Кашмирдаги можаро давомида Ҳиндистон Хитойнинг бир қатор дастурлари, жумладан TikTok, Weibo, Baidu map, Clash of Kings’ни тўсиб қўйган. Alibaba тақиқланган компаниялар рўйхатига тушмаган, бироқ ОАВда Ҳиндистоннинг кейинги қадамлари ушбу компанияга қарши қаратилиши мумкинлиги маълум қилинган

Хитой компаниялари охирги вақтда Ҳиндистоннинг технологик стартапларига тобора фаол инвестиция киритмоқда. Alibaba, унинг инвестициялар билан шуғулланувчи бўлими Alibaba Capital Partners ва яна бир шўъба корхонаси Ant Group 2015 йилдан бери Ҳиндистон стартапларига 2 млрд доллардан кўпроқ инвестиция киритган. Жумладан, Хитой компанияси Ҳиндистоннинг Paytm тўлов тизимига, таомларни онлайн етказиш хизмати Zomato ва BigBasket онлайн-ритейлерига сармоя киритган.

“Alibaba ва бошқа компаниялар Ҳиндистонга инвестициялар киритиш режаларини 6 ойга тўхтатди. Улар бу вақт ичида вазият бироз тинчланишига умид қилишмоқда. Ҳеч ким ҳинд компанияларидаги улушини бозордаги нарх ва харидорлар кўпмаслигини ҳисобга олиб, сотувга қўйишни режалаштирмайди”, деб айтган манбалардан бири.

Мавзуга оид