Жаҳон | 13:57 / 27.08.2020
4809
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев ядровий қуролсизланиш бўйича саммит ўтказишни таклиф қилди

Қозоғистон Республикаси биринчи президенти Россия, АҚШ, Хитой ва ЕИ етакчилари иштирокида ядровий қуролсизланиш бўйича саммит ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда у БМТ Бош ассамблеясининг махсус сессияси иштирокчиларига йўллаган мурожаатида айтиб ўтди, дейилади Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида.

Фото: Global Look Press

«Ишончим комилки, агар саммит ушбу тўрт томонлама шаклда ўтказилса, унда унинг асосий мавзуларидан бири ядро қуролини босқичма-босқич ва мутаносиб равишда қисқартириш тўғрисида кўп томонлама битимни ишлаб чиқиш бўлиши керак», - деди Нурсултон Назарбоев. Шунингдек, у бундай саммитни ўтказиш учун майдонча тақдим этишга тайёрлигини билдирди.

Аввалроқ, АҚШ президенти Дональд Трамп Россия билан ядровий қуролсизланиш бўйича музокараларни «бугунги кунда дунёдаги энг катта муаммо» деб атаганди. Унинг таъкидлашича, Москва бу борада Қўшма Штатлар билан келишувга эришишни «жуда истаяпти».

Август ойи бошида Россия президенти Владимир Путин Трамп билан стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш чора-тадбирлари тўғрисидаги шартнома билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди. У жанговар каллаклар, қитъалараро баллистик ракеталар ва сувости кемалари ҳамда оғир бомбардимончи самолётларда жойлаштирилган ракеталар сонини камайтиришни назарда тутади. 2010 йилда имзоланган келишув муддати 2021 йил февралда тугайди. Томонлар унинг муддатини узайтириш борасида ҳали бир тўхтамга келишмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид