Ўзбекистон | 16:58 / 27.08.2020
6888
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда бошланғич, ўрта ва битирувчи синф ўқувчилари учун мактабга кириш жойлари ажратилиши мумкин

Барча ўқувчилар битта бинода таълим оладиган кам сонли ўқувчилар бўлган мактабларда, бинонинг 1 ва 2-қаватлари бошланғич синф ўқувчилари учун, 3- ва 4-қаватлари юқори синф ўқувчилари учун ажратилади.

Бугун Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 19-сессияси бўлиб ўтди. Сессияда "Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув жараёнларини босқичма-босқич тиклаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги масала кўриб чиқилди.

Пойтахт ҳокимлиги хабарига кўра, йиғилишда депутатлар пандемия шароитида умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув жараёнларини босқичма-босқич тиклашда нималарга эътибор қаратиш муҳимлигини атрофлича муҳокама этдилар.

Бу борада сўзга чиққан Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси бошлиғи ота-оналар орасида бу бўйича пойтахтда ўтказилган сўровнома натижаларини маълум қилди.

Анъанавий таълим жараёни бошланадиган бўлса, санитария-эпидемиология талабларини ташкил этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.

Пандемия шароитида онлайн таълим хавфсиз бўлса-да, бунда ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши етарли даражада бўлмаётганлиги қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, анъанавий таълимни бошлаш маъқул деган фикр билдирилди. Аммо бунда ҳам ижтимоий масофани сақлашни таъминлаш каби қатор масалаларни ҳал этиш лозим.

Муҳокамалардан келиб чиқиб, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Қарорга депутатлар таклифлари асосида қатор тавсиялар киритилди:

- бошланғич, ўрта ва битирувчи синфлар ўқувчилари учун кириш жойларини имкони борича ажратиш;

- дарслар махсус жиҳозланган синфларда ташкил этилиши лозим бўлган фанлар (жисмоний тарбия, тасвирий санъат, технология фанлари ва бошқа)дан ташқари мактабда дарс машғулотлари хонадан-хонага кўчмаган ҳолда “синф системасида” ўтказиш, яъни ҳар бир синф битта хонада ўқиши;

- барча ўқувчилар битта бинода таълим оладиган кам сонли ўқувчилар бўлган мактабларда, бинонинг 1 ва 2-қаватлари бошланғич синф ўқувчилари учун, 3- ва 4-қаватлари юқори синф ўқувчилари учун ажратиш;

- пандемия даврида мактабнинг ошхона ва буфетлар фаолиятини вақтинча тўхтатиш;

- пандемия даврида мактабда оммавий тадбирлар (йиғилишлар, шу жумладан ота-оналар йиғилишлари, турли тадбирлар ва ҳ.к.) ўтказишни вақтинча тўхтатиш;

- дарс вақтини қисқартириш.

Шунингдек, сессияда агар анъанавий таълим жараёни бошланадиган бўлса, айрим оилалар фарзандларини тиббий ниқоблар билан таъминлай олмаслиги мумкинлигига ҳам эътибор қаратилди ва депутатлар бу борада хайрия ёрдамини кўрсатиш ташаббусини билдиришди.

Янги ўқув йилини бошлаш мавзуси муҳокамаси давом этади, дейилади хабарда.

Мавзуга оид